Мирзиёев Қозоғистонга ёрдам таклиф қилди

Жамият 18888
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти сайтида хабар берилди. 

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Қозоғистон етакчисига Қўстанай вилоятидаги ўрмон ёнғинлари муносабати билан далда сўзларини билдирган ҳамда фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини қайд этган.

Икки мамлакат Президентлари Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларида амалий шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиққан.

Шунингдек, савдо, саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган. Шу ойда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кун тартиби муҳокама қилинган.

Қозоғистондаги ёнғин

Қозоғистоннинг Қўстанай вилояти 2 сентябрдан буён аланган қуршовида. Аулиекол туманида чиққан ўрмон ёнғинларининг географияси кун ўтган сайин кенгаймоқда. Мамлакат фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, 5 сентябрь ҳолатига кўра, ёнғинлар майдони 43 минг гектаргача кенгайган, ўрмон хўжалигининг умумий майдони эса 107,3 минг гектарни ташкил этган. 

Ёнғин оқибатида бир қанча қишлоқларда 108 та бино вайрон бўлган ва зарар кўрган. 1841 киши эвакуация қилинган. Жароҳатланганлар, куйган ва заҳарланганлар 10 кишига етди. 1935 йилда туғилган эркак вафот этган. Минтақада маҳаллий миқёсда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, 5 та ҳудудда (Аманкарагай, Лесное, Озерное, Баганали ва Калинино қишлоғи яқинида) ўрмон зонасида ёнғин ўчириш ишлари олиб борилмоқда.

Эвакуация қилинганлар маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан Аулиекол ўрта мактаби ва Аулиекол мактаб-интернатига жойлаштириш, озиқ-овқат билан таъминлаш ташкил этилди, 66 нафар фуқаро эвакуация пунктларида қолмоқда. Қолганлар ўз уйларига қайтган ёки қариндошлариникига жойлашган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 311
Рейтинг: 3
t
×