Мирзиёев Қирғизистон Бош вазирини қабул қилди. Темир йўл масаласи муҳокама марказида

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 март куни Икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ишида иштирок этиш учун Тошкентда бўлиб турган Қирғиз Республикаси Бош вазири Улукбек Мариповни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбари Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида яқинда бўлиб ўтган олий даражадаги саммитда қабул қилинган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш муҳим эканини алоҳида таъкидлаган.

Бош вазир Улукбек Марипов, ўз навбатида, Ўзбекистон Президентига самимий қабул учун чуқур миннатдорчилик билдириб, Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Қўшма комиссиянинг ҳамраиси сифатида бўлиб ўтган йиғилишнинг асосий натижалари ҳамда қабул қилинган аниқ қарорлар тўғрисида маълумот берган.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Президенти товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун қулай шароитларни шакллантириш, саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалигида муҳим кооперация лойиҳаларини илгари суриш, Тараққиёт фонди фаолиятини тез фурсатда йўлга қўйиш ҳамда ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Шунингдек, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуришни тез фурсатда бошлаш ҳамда Андижон-Ўш-Саритош-Иркештом мультимодал йўлаги бўйлаб юк ташишлар ҳажмини оширишнинг долзарб аҳамияти қайд этилган.

Учрашув якунида Қирғиз Республикаси Бош вазири икки мамлакат давлат раҳбарлари ўртасида эришилган ҳамда кенг кўламли Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигини изчил ривожлантиришга қаратилган келишувларни сўзсиз амалга оширишга бор саъй-ҳаракатини йўналтиришга тайёр эканини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг