Мирзиёев Имомали Раҳмон билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 9 октябрь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон етакчиси Тожикистон Президентини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги самарали бўлгани билан самимий табриклади ҳамда "Марказий Осиё – Россия" форматидаги бўлажак учрашув ва МДҲ саммити муваффақиятли ўтишини тилади.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Икки томонлама ҳамкорлик ижобий суръат билан ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми, авиақатновлар сони ортиб бормоқда.

Ўзаро савдони кўпайтириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Фаол маданий-гуманитар алмашинув ва сермаҳсул ҳудудлараро алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик асосий масалалар, шу жумладан жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Бугун, 9 октябрь куни тушдан кейин “Россия-Марказий Осиё” саммити бошланади. Бу форматдаги учрашувларнинг иккинчиси бўлади, биринчиси 2022 йил октябрида Остонада ўтказилган. Ушбу форматда Владимир Путин Марказий Осиёнинг беш давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Президентлари билан учрашади. Ушаковнинг айтишича, кун тартибида савдо-иқтисодий, молиявий, инвестицион, саноат, логистика, энергетика ва бошқа соҳалардаги олти томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади. Якуний ҳужжат сифатида етакчилар 20 дан ортиқ банддан иборат коммюнике қабул қилади.

Эртага, 10 октябрь куни Душанбеда МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ўтказилади. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этади. Дастлаб фақат давлат раҳбарлари ва МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирокидаги тор доирадаги йиғилиш бўлади, сўнгра тушлик атрофида кенгайтирилган таркибдаги учрашув ўтказилиб, унда Сергей Лебедев ҳамда Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова сўзга чиқади.

Саммитда давлат раҳбарлари янги формат – “МДҲ+”ни ташкил этиш масаласини муҳокама қилади. Бу форматга учинчи мамлакатларнинг қўшилиши назарда тутилади. Ўхшаш тизим BRICS ва ШҲТ доирасида ҳам амал қилади. Владимир Путин ўз нутқи давомида МДҲ раҳбарларини декабрь охирида анъанавий тарзда ўтказиладиган норасмий учрашувга Санкт-Петербургга таклиф қилади. Унинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг