Мирзиёев I Халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этди
Жамият
−
14 Сентябрь 2019
5535Бугун, 14 сентябрь куни Қўқонда биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев барчани чин юракдан қутлаб, Ўзбекистонга, ушбу анжуманга бўлган катта ҳурмат ва эътибори учун хорижий меҳмонларга ташаккур изҳор этди.
“Умумбашарий маданиятнинг ажралмас қисми бўлган халқ амалий санъати дунёдаги ҳар бир халқ ҳаётида, унинг турмуш тарзи ва қадриятлари ривожида алоҳида ўрин тутади. Инсониятнинг онгли ҳаётида ҳунармандчиликнинг пайдо бўлиши – цивилизация сари ташланган энг муҳим тарихий қадам, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз”, дейди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев буюк авлиё ва ҳунарманд бобомиз Баҳоуддин Нақшбанд сўзларидан иқтибослар келтирди. Диёримизда ҳунармандлар меҳнати қадрланиб, ёшларнинг ҳунар ўрганиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани, ушбу фестиваль бу соҳани янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
“Ушбу халқаро фестиваль нафақат кўпмиллатли Ўзбекистон халқи, балки жаҳон ҳунармандлари, бутун дунё усталарининг катта байрами, десак тўғри бўлади. Бу – олис тарих ва бугунги замон нафасини, турли қадрият ва анъаналарни ўзида яққол намоён этадиган, муштарак дилларни бирлаштирадиган чинакам дўстлик ва ҳамкорлик анжуманидир”, деди Президент.
Мазкур фестиваль давлат раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги қарорига мувофиқ ўтказилмоқда. Фестиваль арафасида шаҳар ҳаётида яна бир муҳим воқеа юз берди - Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” деган юксак унвон берилди.
Маросимда Жаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Рози Гринлис ҳам нутқ сўзлади.
Анжуман ўтказиладиган майдон атрофи байрамона безатилган. Қорақалпоғистон ва барча вилоятлардан келган ҳунармандлар буюмлари кўргазмаси ташкил этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев очилиш маросимидан сўнг ушбу маҳсулотларни кўздан кечирди, ҳунармандлар билан суҳбатлашди.
Халқаро ҳунармандчилик фестивали икки йилда бир марта ўтказилади. Бу йилги анжуманда 78 та мамлакатдан 370 дан зиёд ҳунармандлар, санъатшунослар, журналистлар иштирок этмоқда.