Мирзиёев Американинг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 16 ноябрь куни “Кўксарой” қароргоҳида Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи мажлисида иштирок этиш учун мамлакатга келган Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Делегация таркибида учрашувда АҚШнинг “General Electric”, “Procter and Gamble”, “Coca-Cola”, “CNH Industrial”, “John Deere”, “Zeppelin” ва “Silverleafe” компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Давлат раҳбари меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Таркибига 38 та етакчи компания кирувчи Америка-Ўзбекистон савдо палатаси икки томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

Икки мамлакат корхоналари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва  қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш юзасидан фикр алмашилди.

Энергетика, кимё тармоғи, машинасозлик, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳалари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Кэролин Лэмм палата аъзоларининг мамлакатдаги фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани учун АҚШ ишбилармонлар ҳамжамияти номидан давлат раҳбарига ташаккур билдирди.

Америка ишбилармон доиралари вакиллари АҚШ бизнесининг ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қизиқиши ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон етакчиси раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятларини юқори баҳолаб, мамлакатимиз билан инвестициявий шерикликни кенгайтириш учун очилаётган имкониятлардан фаол фойдаланишга интилишини тасдиқлади.

Янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун 2023 йилнинг биринчи чорагида қўшма бизнес форумини ўтказишга келишиб олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг