Мирзиёев аҳоли энг норози тизимни ўнгламоқчи
Жамият
−
19 Январь 2022
32657Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 19 январь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Қулай жамоат транспорти шаҳарнинг энг муҳим шартларидан биридир. Лекин Тошкент шаҳрида бу долзарб муаммога айланиб бораётган эди. Автобусларнинг кўпи эскиргани, марказий шоҳбекатлар ёпилиб, йўналишлар ўзаро самарали боғланмагани оқибатида аҳолига ноқулайлик туғдираётган эди.
Масалан, сўнгги беш йилда пойтахт аҳолиси 300 минг нафарга кўпайган, ҳудуди ҳам кенгайган. Бундан ташқари, ҳар куни бир миллиондан ортиқ одам келиб-кетади. Лекин жамоат транспорт тизими пойтахтдаги ўзгаришлардан орқада. 350 та автобуснинг фойдаланиш муддати 10 йилдан ошган, 393 та автобус етишмайди. Тирбандликлар оқибатида автобуслар орасидаги интервал тиғиз пайтда 30 дақиқагача етмоқда.
Оқибатда йўловчилар бу хизматдан норози бўлиб, шахсий транспортдан фойдаланишга ўтиб кетмоқда. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 79 фоизни, жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси эса бор-йўғи 21 фоизни ташкил этмоқда.
Шавкат Мирзиёев ўтган йили 19 октябрда Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, зарур чоралар кўрилишини айтган эди.
Тақдимотда шу борадаги вазифалар муҳокама қилинди.
Аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ҳозиргидан 2 баробар ошириш Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги олдида турган асосий вазифа сифатида белгиланди. Бунда тизимли ёндашув ва одамлар оғирини енгил қилиш мақсади устувор бўлиши, барча транспорт турлари – йўналишли, темир йўл транспорти ва метро линиялари, велосипед ва пиёдалар ҳаракатига мўлжалланган йўлларнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш ва комплекс ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Ҳудудлардан Тошкент шаҳрига келишдаги асосий йўлларда 10 та замонавий шоҳбекат, йўловчилар жуда кўп бўладиган 6 та метро бекати ёнида автотураргоҳлар барпо этиш бўйича топшириқ берилди.
Жорий йилда “Қўйлиқ-Қипчоқ” ерусти метроси қурилиши ҳам якунланади. Бунинг натижасида енгил автомобилдан фойдаланаётган 70 минг аҳоли учун жамоат транспортида юришга қулай шароит яратилади.
Бундан ташқари, йўловчилар оқимининг келгуси 5 йиллик прогнозидан келиб чиқиб, жамоат транспорти тизимининг иқтисодий-математик моделини яратиш, Транспорт университети илмий салоҳиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Тошкент шаҳрида транспортлар сони йилига 15 фоиз ўсиб, кунига 800 минг автомобиль ҳаракатланмоқда. Йўллар пиёда ва велосипедда юриш учун қулай эмас. 500 дан ортиқ катта чорраҳа бўлиб, аксариятининг ўтказувчанлик даражаси паст. Буларнинг ҳамда ҳаракатланиш маданияти пастлиги оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўлмоқда.
Давлат раҳбари йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш орқали мазкур чорраҳаларда ўтказувчанлик ва қулайликни ошириш кераклигини таъкидлади. Бу йил 200 та чорраҳада ҳаракатни транспорт оқимига қараб бошқариш тизими жорий этилиши, 180 километр пиёда ва велосипед йўлаклари қурилиши, 2 минг автомобилга мўлжалланган тўхташ жойлари ташкил этилиши белгиланди.
Шунингдек, жорий йилда автобус паркининг 35 фоизи янгиланади. Бунинг учун 410 та автобус ва электробус харид қилиниб, катта сиғимли автобуслар сони 2 баробар оширилади. Шунингдек, шаҳарда электромобиллар сони кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, улар учун қувватлаш станцияларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Тақдимотда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ва транспорт инфратузилмасини Германия ва Россиянинг мегаполисларни ривожлантириш борасидаги илмий асосланган тажрибаси асосида такомиллаштириш имкониятлари тўғрисида маълумот берилди.
Шунингдек, жамоат транспорти корхоналарини молиявий соғломлаштириш, “Тошшаҳартрансхизмат” корхоналарини молиявий аудитдан ўтказиб, трансформация қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари соҳани бюджет ва бошқа манбалардан ташқари давлат-хусусий шерикчилик асосида ҳам ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига пойтахтда жамоат транспортини ривожлантириш концепциясини қайта кўриб чиқиб, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш топширилди.
Истиқболда барча вилоят марказларидаги жамоат транспортини уларнинг аҳоли сони, яшаш ва иш жойлари, ривожланиш хусусиятларидан келиб чиқиб пойтахт тажрибаси ва илмий ёндашув асосида такомиллаштирилиши таъкидланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь