Мирзиёев 7 та давлатнинг янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
Жамият
−
27 Ноябрь 2025 2804 3 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 ноябрь куни янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу элчилар Грециядан Параскеви Севелеки, Индонезиядан Сити Руҳайни Жухаятин, Латвиядан Гирц Яунземс, Франциядан Валид Фук, Россиядан Алексей Ерхов, Япониядан Кэндзи Хирата ва Тожикистондан Насриддин Исматулло бўлиб, улар билан Ўзбекистон раҳбари суҳбатлашди.
“Сизлар бир неча ойдан буён юртимизда бўлиб, бугунги кунда мамлакатимиз қандай жадал ўзгаришлар руҳи билан яшаётганига ва жаҳон дипломатия марказларидан бирига айланиб бораётганига шахсан гувоҳ бўляпсиз”, деди Мирзиёев дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига йўллаган табригида.
У Греция элчисига мурожаат қилар экан, яқин фурсатда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ўзбекистон – Греция бизнес форумининг самарали бўлишини таъминлаш зарурлигини айтди.
Индонезия билан муносабатлар ҳақида гапирар экан, Президент икки халқни азалдан тарихий, диний ва маданий алоқалар боғлаб турганини таъкидлади. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 60 фоизга ошгани айтилди. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, декабрь ойида тўғридан тўғри авиарейслар йўлга қўйилади.
Давлат раҳбари Латвия билан муносабатларни муҳокама қилиш чоғида сиёсий ва иқтисодий алоқалар изчил ривожланаётгани, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар фаоллашганини билдирди. Миграция соҳасида келишув имзоланиши, авиақатновлар кўпайиши ва иқтисодий ҳамкорлик механизмларидан самарали фойдаланиш икки мамлакат халқлари янада яқинлашишига хизмат қилиши таъкидланди.
Франция ҳақида сўз юритилар экан, фаол сиёсий мулоқот туфайли мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Президент матбуот хизмати Россияни Ўзбекистоннинг узоқ йиллик стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси, дея ёзди. Унд айтилишича, ўтган йили ўзаро савдо ҳажми 12 миллиард долларга яқинлашган. Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокида 3 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Йил бошидан буён 4 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилган. Россиянинг 15 та олий таълим муассасасининг филиаллари фаолият юритмоқда.
Шунингдек, учрашувда Япония билан стратегик шерикликни кенгайтириш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани урғуланди. Телекоммуникация, энергетика, соғлиқни сақлаш, инфратузилмани ривожлантириш, таълим ва туризм соҳаларида 8 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Декабрь ойида Токиода бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокаралар ва ишбилармон доираларнинг мулоқотлари икки томонлама ҳамкорликка янги суръат бағишлашига ишонч билдирилди.
Тожикистон элчиси билан бўлган суҳбатда умумий сиёсий ирода туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилгани айтилди. Чегара масалалари тўлиқ тартибга солинди ва транспорт алоқалари тикланди. Парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорлик кучайди.
Ўзаро савдо 5 баробардан зиёдга ошиб, 1 миллиард долларга яқинлашди. “Ойбек-Фотехобод” эркин чегараолди савдо зонаси ва “Андархон” савдо-логистика марказининг ташкил этилиши товар айирбошлашни каррасига оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Саноат, транспорт, геология, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги, туризм, таълим ва маданият соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун салоҳият борлиги қайд этилди.
Маросим якунида давлат раҳбари янги тайинланган элчиларга шарафли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади, ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барча мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди, ҳудудлар ва хусусий сектор вакиллари билан фаол ҳамкорлик қилишни тавсия қилди.
Live
Барчаси