Мирзиёев 575 нафар фуқарони афв этди
Жамият
−
03 Июнь 2019
4476Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро афв этилди. Уларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтарилади, шунингдек, 214 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилади. Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини аёллар, 1 нафарини чет эл фуқароси ташкил этади.
Маълумот учун, олдинроқ, Рамазон ҳайити арафаси баҳонасида Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров Олий суд, қолаверса Тошкент шаҳри ва вилояти судларида фаолият юритаётган аёл судьялар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида Зангиота туманида жойлашган аёллар жазо ўтаётган муассасада бўлиб, очиқ мулоқот ўтказган эди.
Ўшанда жазони ижро этиш муассасасида сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилиб, унда жами 19 нафар аёл жазодан озод этилиб, уйига – оиласи бағрига қайтарилган эди.
LiveБарчаси