Мирзиёев 2024 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида бажариладиган ишлар тақдимоти билан танишди

Жамият

image

Бугун, 22 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббиёт сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган. Бу ислоҳотларни жадаллаштириш ва ҳаётга самарали татбиқ этиш мақсадида халқаро экспертлар иштирокида таклифлар ишлаб чиқилган.

Шундай таклифлардан бири – Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офисини ташкил қилишдир.  У давлат тиббий суғуртаси тизимини ҳамда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш, тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини кучайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббий таълим тизими ва илм-фан соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш каби йўналишларга масъул этиб белгиланади. Шунингдек, бу марказ рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш, хусусий секторни кенгайтириш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилишга кўмаклашади.

“Лойиҳа офиси фаолиятига ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассислари, шунингдек, хорижий эксперт ва маслаҳатчилар шартнома асосида жалб қилинади”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган ислоҳотлар етук кадрлар салоҳиятини ҳам талаб этади. Шу боис бу борада ҳам бир қанча чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда. Шулардан бири Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурларининг халқаро аккредитациядан ўтказилишидир.  Унда жамоат саломатлиги, профилактик тиббиёт, жисмоний фаоллик ихтисосликлари бўйича магистрлик йўналишлари очилади. Тиббиёт йўналишидаги талабалар билимини халқаро тан олинган тизим асосида, икки босқичда давлат имтиҳонлари орқали баҳолаш йўлга қўйилади.

Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бошлаб, ҳудудлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт олийгоҳларининг 200 нафар битирувчиси магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий таълим муассасаларида ўқитилади.

Бундан ташқари, ихтисослаштирилган хирургия, кардиология, эндокринология, дерматовенерология ва косметология марказлари, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда Миллий тиббиёт маркази халқаро аккредитациядан ўтказилади.

Шу билан бирга, жорий йилда амалдаги 40 та санитария қоида ва нормалари қайта кўриб чиқилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиши ҳам кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев бу таклифларни маъқуллаб, мазкур устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш бўйича топшириқ берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон соғлиқни сақлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made