МИБнинг ишини хусусий секторга бериш жамиятни жар ёқасига олиб келадими?
Таҳлил
−
22 Февраль 2020
82422017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида нодавлат ижрочилар институтини жорий этиш ва бунинг учун хусусий ижро бюросини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Таклифга кўра, бўлажак хусусий ижрочилар юридик шахслар қарздор бўлган суд қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этадилар.
Ушбу таклифни 2020 йилги Давлат дастурига киритиш, энг камида ҳозирги ривожланиш босқичда ушбу таклиф нақадар мақсадга мувофиқлиги, бошқача қилиб айтганда, давлат ва жамиятимиз учун қандай салбий оқибатларга олиб келиши нуқтаи назаридан тубдан қайта кўриб чиқилиши лозим.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон тарихида биринчи бор ҳокимият ваколатларини хусусий шахсларга “аутсорсинг”га бериш таклиф этилмоқда. Бинобарин, нодавлат ташкилотларга қандайдир давлат хизматларини кўрсатиш (масалан автотранспортга давлат рақами бериш, паспорт бериш ёки шу кабилар) каби вазифани эмас, балки мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ ваколатларни бериш режалаштирилмоқда. Бу эса мол-мулкга банд солиш, олиб қўйиш, мажбурий сотиш, пул маблағларини банк ҳисобидан розиликсиз ечиб олиш, турли тақиқлар қўйиш билан боғлиқ чораларни назарда тутади. Бундан ташқари, бундай фаолият шахсий ва банк сирини ташкил қиладиган маълумотлардан фойдаланишни ҳам тақозо қилади.
Шу нуқтаи назардан, бундай таклиф Ўзбекистонда давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг конституциявий тамойилларига нақадар мослиги юзасидан шубҳа уйғотади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади.
Кўриниб турибдики, Конституциямиз давлат ҳокимияти ваколатларини нодавлат тузилмаларга, энг асосийси, ушбу ваколатни ҳақ эвазига амалга оширувчи хусусий шахсларга беришни назарда тутмайди.
Балки ушбу таклиф муаллифлари хусусий ижрочиларининг ўз иши учун ҳақ олиш (пул олиш) манфаати ҳалқ манфаати билан мос келиб, суд қарорларини тезроқ ижро қилинишига туртки бўлади деб тахмин қилган бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, хусусий ижрочилар жорий этилса, давлат ижрочиларини таъминлаш учун сарфланадиган бюджет маблағлари ҳам иқтисод бўлади.
Бироқ, бундай янгиликнинг нафақат конституциявий тамойилларга мос келиш ёки келмаслиги, балки аҳоли ва умуман жамият томонидан қандай қабул қилинишини, аниқроғи қабул қилинмаслигини ҳам ҳисобга олиш лозим. Ўзбекистон худди бошқа давлатлар каби давлат ҳокимияти ва бошқаруви бўйича муайян тарихий тажриба ва минглаб йиллик қадриятларга эга, бу эса мамлакатимиз ҳудудида яшовчи ҳалқларнинг менталитетини шаклланишига шубҳасиз таъсир қилган. Бинобарин, мамлакатимизда тарихан ҳокимиятни ва мажбурлов чораларини қўллашга бўлган мутлоқ ҳуқуқ фақат давлат ҳокимияти вакилларига тегишли бўлган (Россиядаги крепостнойлик ҳуқуқи ёки ўрта асрларда Европада тарқалган вассалнинг сюзеренга мутлоқ тобелик муносабатлари яхшиямки Марказий Осиё жамиятларини четлаб ўтган).
Натижада, бу каби таклифнинг ҳалқ томонидан ментал даражада қабул қилинмаслиги оммавий равишда суд қарорларини бажарилмаслик ҳолатларини кўпайишига, пировардида эса – суд ҳокимиятининг самарадорлиги ва обрўсини тушиб кетишига олиб келиши тайин. Тажрибадан келиб чиқиб, агар суд қарорини ижро этиш бизнесга айланса, ушбу соҳанинг криминаллашуви таҳдиди юқори эканлигини ҳам рад этолмаймиз
Таклиф муаллифларини қўшни давлатларимиздаги салбий оқибатлар ҳам ўйлантириши лозим эди. Масалан, Россия Федерацияси коллекторлик институтини жорий этгандан сўнг ушбу соҳани криминаллашуви билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келди. Охирги пайтда бу соҳа Россияда қаттиқ назоратга олинган бўлсада, коллекторларнинг ноқонунний ҳаракатлари билан боғлиқ жанжаллар тез-тез учраб турмоқда. Ваҳоланки, Россия Федерациясида суд қарорларини ижро этиш фақат давлат идоралари (қуролланган Суд приставлари Федерал хизмати) томонидан амалга оширилади, коллекторлик фирмалари эса мажбурлов (ижрочилик) ваколатига эга бўлмаган муқобил ташкилотлар ҳисобланади.
Худди шу каби аҳолининг салбий эътирозларини Қозоғистонда ҳам кузатишимиз мумкин. Бу давлатда бир неча йил аввал аралаш тизим жорий этилиб, айрим тоифадаги суд қарорларини ижро этиш ҳуқуқини хусусий ижрочиларга берилди. Бу каби охиригача ўйланмаган тажрибани жорий этиш Болтиқбўйи давлатлари аҳолиси ва ҳокимият органларида ҳам жиддий норозичиликларга сабаб бўлган.
Хорижий тажриба хусусида гапирадиган бўлсак, хусусий ижро тизими дунёда кам сонли давлатларда мавжуд. Булар, авваламбор, Франция (хусусий тизим асосчиси), Бенилюкс давлатлари (Бельгия, Нидерландия, Люксембург), айрим Шарқий Европа давлатлари ва собиқ француз колониялари ҳисобланган айрим Африка давлатлари ҳисобланади.
Америка қитъасида (АҚШ, Канада, Мексика, Лотин Америкаси давлатлари, Хитой ва бошқа ОСиё давлатлари, МДҲ давлатлари (2010 йилларнинг иккинчи ярмида аралаш тизим жорий этган Қозоғистон ва Украинадан ташқари), Германия, Буюк Британия, Финляндия, Норвегия, Дания ва бошқа ривожланган Ғарбий Европа давлатларида суд қарорларини мажбурий ижро этиш давлатнинг мутлақ функцияси ҳисобланади. Мазкур давлатлар суд қарорларини ижро этиш тизими иш ҳажмини камайтириш учун бошқачароқ сиёсатни амалга ошириб, кўпроқ низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларини жорий этишга (медиация, нодавлат арбитраж институти) ҳамда суд қарорини бажармаганлик учун жавобгарликни кучайтиришга эътибор қаратишган. Фикримизча, бундай йўл Ўзбекистон шароитига ҳам кўпроқ тўғри келади.
Энг асосийси, жаҳондаги барча экспертлар суд қарорларини ижро этишнинг давлат тизими хусусий тизимга нисбатан анча самаралироқ эканлиги хусусида бир хил хулосага келишган.
Шу сабабли, Ўзбекистонда хусусий ижро тизимини жорий этишга бирмунча эрта бўлиб, бунинг учун бир неча ўн йилликлар талаб этилади. Чунки давлат ҳокимиятини амалга оширишдаги бундай янгиликларни жорий этиш учун давлат институтлари, жамиятдаги ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онг муайян даражада шаклланган бўлиши лозим.
Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш институти
LiveБарчаси