Мен ўзимни қорақалпоқ халқининг ҳам фарзанди, деб биламан – Мирзиёев
Жамият
−
21 Сентябрь 2021
3816Бугун, 21 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Бўзатов туманида Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни номзоднинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили А.Данияров очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.
“Сайловолди учрашувларимни энг аввало Қорақалпоғистон диёридан бошлаётганим бежиз эмас. Илгари ҳам айтганман, бугун ҳам катта мамнуният билан такрорлайман – мен ўзимни қорақалпоқ халқининг ҳам фарзанди деб биламан”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Номзоднинг дастури барча соҳаларни қамраб олган ўнта устувор йўналишдан иборат. Жумладан, илм ва инновацияларга асосланган янги иқтисодиётни барпо этиш, фаол тадбиркорлик ва манзилли молиявий кўмак орқали камбағалликни қисқартириш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, таълим сифатини кучайтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш, халқчил ва инсонпарвар давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш, маданий-маънавий соҳаларни юксалтириш бўйича режалар бегиланган.
Охирги беш йилда Қорақалпоғистонда юз берган ўзгаришлар қайд этилди. Хусусан, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 2 миллиард доллардан зиёд 2 минг 500 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилган. Кичик бизнес субъектлари сони 2 баробар кўпайиб, қарийб 21 мингтага етган. Шу даврда 83 мингта янги доимий иш ўрни яратилган.
Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилликка мўлжалланган дастурини ҳам баён этди. Хусусан, иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлик учун қулай инфратузилма яратиш, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш, экологияни яхшилаш бўйича режалар маълум қилинди.
“Биз сайловолди дастуримиздан ўрин олган ҳар бир масала ҳақида чуқур ва атрофлича фикр юритиб, пухта таҳлил қилиб, уларни рўёбга чиқаришнинг аниқ чораларини белгилаб олганмиз. Бугунги учрашувимизда қорақалпоғистонлик тажрибали раҳбарлар, оддий халқ ҳаётини яхши биладиган инсонлар, ҳурматли оқсоқоллар билан маслаҳатлашиб, билдирилган таклифлар асосида дастуримизни янада бойитишни мақсад қилганмиз”, дейди давлат раҳбари.
Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.
LiveБарчаси