Мебелсозлик корхоналарига ер ажратилади – Президент топшириғи
Жамият
−
04 Сентябрь 2020
4953Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 4 сентбярь куни ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, экологияни яхшилашда ўрмон хўжалиги жуда муҳим ўрин тутади.
Шунинг учун ҳам охирги уч йилда бу соҳани жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, мамлакат ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилди.
Жумладан, Орол денгизининг 1,2 миллион гектар қуриган тубида ихота дарахтзорлари барпо этилди. Оборотдан чиқиб кетган 10 минг гектар ўрмон хўжалиги ерлари ўзлаштирилди, 5 ярим минг гектарда ёнғоқ, 4 минг гектарда озиқ-овқат экинлари ва доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилиб, 3 мингта янги иш ўрни яратилди. Ўрмон хўжаликларида биринчи маротаба 64 та биолаборатория ташкил этилди.
Йиғилишда бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги таъкидланиб, келгусидаги устувор вазифалар белгиланди. Соҳада хусусий секторни жалб қилган ҳолда ўрмон ерларини ўзлаштириш, йилқичилик, чорвачилик, уруғчилик, кўчатчилик, туризмни кенг йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Яна 50 минг гектар ўрмонзор барпо этиб, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ҳамда Тошкент вилоятларида ёнғоқ, писта ва бодом плантациялари ташкил қилиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.
Мебелсозлик корхоналари хомашёнинг 90 фоизини импорт қилаётганидан келиб чиқиб, уларга кластер усулида павловния ва бошқа мебелбоп дарахтлар етиштириш учун ер ажратиш бўйича топшириқ берилди.
Ўрмон фонди ерларини ўзлаштиришга ҳам субсидия ва имтиёзлар жорий этиш, хусусан, суғориш насослари харид қилиш, қудуқлар қазиш ишларини молиявий қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Бу йилдан бошлаб оборотда бўлмаган ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тартиби жорий қилинди. Ҳозирги кунда 20 минг гектар шундай ер ижарага берилган. Бу ишларни давом эттириб, қўшимча ерларни оборотга киритиш ҳамда тадбиркорларга ижарага беришни кенгайтириш вазифаси қўйилди.
Кўп жойларда, жумладан, Қоракўл, Ғиждувон, Шаҳрисабз, Китоб, Поп, Чортоқ, Нуробод, Қўшработ, Нурота, Бахмал, Фориш, Узун, Бойсун, Оҳангарон, Бекобод туманларида ўрмон хўжалиги резервларидан фойдаланиш бўйича ишлар танқид қилинди, етарлича ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилди.
Пиллачиликда озуқа базасини кўпайтириш мақсадида фермер хўжаликларида 2 минг гектар, келгуси йилда 2,5 минг гектарга тут кўчатлари экиш режалаштирилди.
Ўтган йили доривор ўсимликлар плантацияси 2 минг гектарга етказилган эди. Йиғилишда келгуси йили бундай майдонларни 5 минг гектарга етказиб, ҳосилни 8 минг тоннагача ошириш зарурлиги айтилди.
Хусусий секторни жалб қилган ҳолда ўрмон фонди ерларида асаларичилик, чорвачилик ва паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш, бандликни таъминлаб, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Ўрмонлар сайёҳлар учун ҳам қизиқ. Ўтган йили экотуризм ва ов туризмидан жами 1 миллиард сўм тушган. Лекин бу кам. Бўстонлиқ туманидаги янги тизим ўрмон ҳудудларида туризмни ривожлантириш бўйича жуда катта захиралар мавжудлигини кўрсатди. Мисол учун, “Бурчмулла” ўрмон хўжалигида хусусий шериклик асосида 300 ўринли экотуризм маскани барпо этилмоқда.
Шундай имкониятларни ишга солиб, келгуси йилда экология ва ов туризмидан даромадларни 10-15 бараварга ошириш мумкинлиги таъкидланди. Шаҳрисабз, Китоб, Бойсун, Боботоғ, Зомин, Бахмал, Оҳангарон, Бекобод, Далварзин, Поп, Қўқон, Қозоқдарё ўрмон ва ов хўжаликларида туризм масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.
Йиғилишда ўрмон хўжалиги бўйича илм-фанни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Маҳаллий пистанинг сувсизликка чидамли ва юқори ҳосил берадиган 13 турдаги янги навини рўйхатдан ўтказиб, кейинги йилдан тоғли туманларда экиш кераклиги қайд этилди.
Давлат ўрмон хўжалиги қўмитасига доривор ўсимликларни маҳаллийлаштириш учун тажриба плантациялари ва илмий марказ, шунингдек, ўрмон тупроқшунослиги, “in vitro” ва уруғчилик лабораторияларини ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларида бўлгани каби ўрмон хўжалигини ривожлантириш учун ҳам халқаро ташкилотлар маблағларини жалб қилиб, йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалаларни инобатга олиб, ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича 10 йиллик дастур лойиҳасини такомиллаштириш вазифаси белгиланди.
LiveБарчаси