Ўзбекистонда мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқланади
Жамият
−
25 Сентябрь
22612030 йилдан Тошкент шаҳар ва унга туташ Тошкент вилоятининг ҳудудларида жойлашган иситиш ва электр энергия ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади. Бу кеча, 24 сентябрь куни қабул қилинган “Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, Тошкент шаҳрига туташ туманлардаги 1,2 мингдан ортиқ иссиқхоналарда фойдаланилаётган кўмир ёқилғисининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади ҳамда бундай ускуналарни ўрнатиш учун иссиқхона хўжаликларига субсидия ажратиш механизми жорий қилинади.
2025–2030 йилларда Тошкент шаҳар ва унга туташ Тошкент вилоятининг ҳудудларидаги жами 441 гектар ер майдонларида “яшил белбоғ” ва “яшил боғлар” ташкил қилинади.
2028 йилдан “Евро – 4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш босқичма-босқич чекланади.
Марказий Осиё давлатлари билан муҳокама қилган ҳолда Яшил Марказий Осиё фонди ва Марказий Осиё иқлим масалалари марказини ташкил этишнинг концептуал асослари ишлаб чиқилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича 2024–2030 йилларга мўлжалланган миллий дастур тасдиқланди.
Қуйидагилар Миллий дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди, жумладан:
- чанг ва қум бўронлари олдини олиш ва оқибатларини юмшатишда илғор технологияларни жорий этиш ҳамда ҳудудларда яшил қопламаларни кенгайтириш;
- 2028 йилгача кучли чанг бўронлари ҳосил бўлиш суръатларини ҳозирги ҳолатига нисбатан 50 фоизга қисқартириш.
2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг 12 та туманида фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлаштирилган кичик станцияларни ўрнатиш ишлари бошланади.
2026 йил 1 январдан Тошкентда ўрнатилган махсус монитор ва таблоларда мажбурий равишда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ҳамда гидрометеорологик маълумотлар эълон қилиб борилади.
LiveБарчаси