Мажбурий меҳнатга қатъий позициямиз орқали барҳам бердик – Мирзиёев

Жамият

image

Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш узоқ йиллар биз учун энг оғриқли масала бўлиб келган эди. Фақат кучли ирода, қатъий позиция орқали бу мураккаб муаммо ижобий ҳал қилинди. Бу ҳақда бугун, 16 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувда маълум қилди. 

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг болалар меҳнати ва мажбури меҳнатга барҳам бериш бўйича илғор тажрибаси Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан намуна сифатида бошқа давлатларга тавсия этилган.

Ўзбек пахтаси дунёдаги кўплаб нуфузли бренд компанияларнинг “қора рўйхати”дан чиқарилган. “Cotton campaign” ташкилоти Ўзбекистонга қўйилган тақиқни бутунлай бекор қилган.

Ўзбекистон саноқли давлатлар қаторида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Адолатли ўтиш жараёнлари учун иш ўринлари яратиш ва ижтимоий ҳимоя бўйича глобал акселератор” ташаббусида иштирок этмоқда, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий адолат бўйича глобал коалицияси”да қатнашмоқда, мамлакат ўтган йили ушбу ташкилотнинг Маъмурий Кенгаши аъзолигига сайланди.

“Ҳеч шубҳасиз, биз эришаётган натижаларда 8 миллионга яқин аъзога эга, энг халқчил ва катта нодавлат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор.

Биз Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши учун барча шароитларни яратиб бердик ва мана шу принципларга ҳамиша содиқмиз. Бундан буён ҳам касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини таъминлаш, уларнинг фаолиятига аралашмаслик бўйича сиёсатни қатъий давом эттирамиз”, деди Президент.

Маълумки, Ўзбекистонда пахта теримига мажбурлов, айниқса, ўқитувчи ва ўқувчилар, олий таълим муассасасидаги устозлардан тортиб – талабаларгача, шифокорлар, қўйингки, ижтимоий соҳа ходимларининг пахта даласига олиб чиқилиши узоқ бўлмаган ва бугун айрим ҳудудларда такрорланаётган тарих. Айнан шу ҳодисалар сабаб Ўзбекистон пахтаси 13 йил давомида жаҳон бозорида бойкотга учради. 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 2021 йилда қабул қилинган 4 та қонун, 2 та Президент фармони ва 4 та қарор, 6 та Ҳукумати қарори ортидан пахта теримига мажбурловга чек қўйилди ва ўзбек пахтасига қўйилган бойкот олиб ташланганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мажбурий меҳнат болалар меҳнати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг