Май ойи дунё бўйлаб коронавирусга оид хушхабар билан бошланди

Олам

image

Дунё миқёсида коронавирусга чалинганлар 3 276 373 нафарни ташкил этмоқда. Ушбу касалликдан вафот этганлар эса 233 998 нафарга етди.

Дунё коронавирус билан 2020 йилнинг яна бир ойини ортда қолдирди. 2019 йил охирида Хитойда аниқланган янги турдаги коронавирус COVID-19 ўтган 4 ой давомида дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатига кириб борди. Булар ичида, афсуски, Ўзбекистон ҳам бор.

Шунга қарамай, 2020 йилнинг май ойи биринчи куни қувончли хабар билан бошланди. Гап шундаки, дунё миқёсида ушбу хасталикдан тўлиқ соғайганлар 1 миллиондан ошиб, 1 024 529 кишини ташкил этмоқда. Бу эса беморларнинг 31,2 фоизи соғайди дегани. Бундан 20 кун аввал ушбу кўрсаткич 22,7 фоизни ташкил этаётган эди. 

Аммо ўлим ҳолатлари ўтган 20 кунга нисбатан ошганини кўриш мумкин. Бундан 20 кун аввал дунё миқёсида коронавирусдан ўлим ҳолатлари жами касалланганларнинг 6,1 фоизини ташкил этаётган бўлса, айни вақтда бу кўрсаткич 7,1 фоизга етган. 

Коронавирусдан даволаниш бўйича юқори ўринни Хитой эгаллаб турибди. Мамлакатда 83 944 бемордан 78 567 нафари ёки 93,5 фоизи даволанган. Беморларнинг 4 637 нафари ёки 5,5 фоизи вафот этган. 

Иккинчи ўринни Эрон эгаллаб турибди. Мамлакатда касалланганларнинг ярмидан кўпи соғайган. Яъни 95 646 бемордан 76 318 киши ёки хасталарнинг 79,7 фоизи касалликни енгиб ўтган. Вирусни юқтириб олганларнинг 6091 нафари ёки 6,3 фоизи вафот этган. 

Гарчи Швейцарияда коронавирусга чалинганлик ҳолати Европанинг бошқа мамлакатларига ўхшаш бўлмаса-да, мамлакатда бугунгача вирус аниқланган беморларнинг кўп қисми соғайди. Швейцарияда 29 705 нафар бемордан 23 400 нафари ёки 78,7 фоизи соғайди. Беморларнинг 1749 нафари ёки 5,8 фоизи вафот этди

Европа мамлакатлари орасида тартиб ва интизом борасида алоҳида ўрин тутувчи Германия тўртинчи ўринда бормоқда. Ушбу мамлакат касаллик қайд этилиши нуқтаи назаридан юқори ўринларда турган бўлса ҳам, ўлим ҳолати бошқаларга нисбатан анча паст. Германияда 161 539  бемордан 126 900 нафари ёки 78,5 фоизи соғлом ҳаётга қайтган. Беморларнинг 6623 нафари ёки 4 фоизи вафот этган. 

Испания касаллик қайд этилиши бўйича дунёда иккинчи ўринда бораётган бўлса-да соғайиш борасида бешинчи ўринни эгалламоқда. Мамлакатда 242 988 киши коронавирусни юқтириб олган. Даволанганлар эса 142 450 нафарни ёки умумий беморларнинг 58 фоизини ташкил этмоқда. 

Ўзбекистонни ҳам юқоридаги рўйхатга киритиш мумкин. Албатта, мамлакатда беморлар сони улар каби бўлмади, бироқ коронавирусни юқтириб олган беморларнинг 50 фоиздан кўпи соғайди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 2075 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 1212 нафари ёки 58,4 фоизи соғайди. Беморларнинг 9 нафари ёки 0,4 фоизи вафот этди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1207

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг