Маск Трампга қарши бош кўтарди. У янги партия очмоқчи
Олам
−
08 Июнь 11430 3 дақиқа
Tesla ҳамда SpaceX компаниялари эгаси, Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) собиқ раҳбари, америкалик миллиардер Илон Маск АҚШда янги сиёсий партия тузишни ва уни “Amеrica Party” (Америка партияси) деб аташни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг Х’даги саҳифасида ёзди.
Маск ўз саҳифасида янги партия тузиш ҳақида сўровнома ўтказган. У ўтказган сўровномада 5,6 миллиондан ортиқ киши қатнашган. “Америкада янги сиёсий партия тузиш вақти келмадими?” деб ёзилган сўровнома изоҳида. Иштирокчиларнинг 80 фоизи бу фикрни қўллаб-қувватлаган, қолган 20 фоизи эса қарши чиққан.
Маск шунингдек, саҳифасида америкалик блогер ва крипто-тадбиркор Марио Науфалнинг постини бўлишган. Науфал 80 фоиз овоз берганларни “мавжуд сиёсий элитадан чарчаганлар” деб атаган.
Науфалнинг сўзларига кўра, Америка жамоатчилик фикри институтининг аниқлашича, америкаликларнинг 43 фоизи иккала асосий партияни ҳам рад этади, шулардан 56 фоизи Маскга нисбатан ижобий муносабатда. Маскга шунингдек, демократларнинг 34 фоизи ва республикачиларнинг 72 фоизи ижобий қарайди.
Науфалга кўра, “Америка партияси” сайловчиларга “янги раҳбарият эмас, балки бутун ботқоқликни йўқ қилиш” имконини беради.
Маск ва Трамп дўстлигининг тарихи
Илон Маск биринчи марта 2025 йилнинг 5 октябрида Пенсильвания штатининг Батлер шаҳрида ўтказилган Трампнинг сайловолди митингида иштирок этган. Тадбир давомида у республикачини “Америкадаги демократияни сақлаб қола оладиган ягона номзод” деб атаган. У шунингдек, “агар Трамп ғалаба қозонмаса, бу сўнгги сайловлар бўлади”, дея баёнот берган. Унда Трампнинг машҳур шиори – “Make America Great Again” ёзилган бейсбол қалпоғи бўлган.
Маск 2025 йилда АҚШдаги энг йирик сиёсий донор бўлди. У Трамп ва унинг партиясидаги иттифоқчиларининг сайлов кампаниясига 274 миллион доллар хайрия қилди.
Жорий йилнинг июнь ойида эса Tesla ва SpaceX раҳбари билан АҚШ Президенти ўртасида ижтимоий тармоқларда тортишув юз берди. Маск Трампнинг солиқ имтиёзларига оид қонун лойиҳаси ва тариф сиёсатини танқид қилди. Президент эса бюджетдан “миллиардлаб доллар” тежашнинг энг осон йўли – бу Маск компаниялари билан давлат субсидиялари ва шартномаларни тўхтатиш, деб жавоб берди.
2024 йилги кампанияда рекорд даражада – 288 миллион доллар сарфлаган Маскнинг фикрича, у бўлмаганда Трамп сайловда ютқазган бўларди. Бундан ташқари, миллиардер Республикачилар кампаниясига 100 миллион доллар ўтказиш ниятидан қайтганини ва эндиликда демократларни қўллаб-қувватлаш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирган. Трамп бунга жавобан Маскни “ақлдан озган” деб атади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илон Маск билан жанжал фонида АҚШ Президенти Дональд Трамп илгари сотиб олган Tesla автомобилини сотиш ёки совға қилишни ўйлаётгани ҳақида хабар берилганди. У бу машинани Tesla бош директори Илон Маскни қўллаб-қувватлаш мақсадида харид қилган эди, аммо ордаги тортишув – дўстлик чегарасини бузиб ташлади.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь