Марказий осиёлик мигрантлар катта пул учун Украинада ишлашга рози бўлмоқда – ОАВ
Олам
−
14 Март 2023
13249Россиядаги баъзи фирмалар Марказий Осиёдан келган юзлаб муҳожирларни босиб олинган Украина ҳудудларига ишлаш учун ёллаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда “Фокус” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, мигрантлар рус аскарларининг жасадини йиғиш, хандақлар қазиш ва жанговар ҳаракатлар оқибатида вайрон бўлган биноларни таъмирлаш билан шуғулланмоқда. Шундай муҳожирлардан бири қирғизистонлик Урмат исмли шахс Россия компанияси билан шартнома тузган. Унга кўра, у ҳалок бўлган рус аскарларининг жасадларини йиғиш учун кунига 120 доллар олишини айтган. Шунингдек, у бундай иш билан боғлиқ хавф-хатарлардан хабардор эканини, бу мавзуни бошқа қирғизистонлик муҳожирлар билан муҳокама қилганини таъкидлаган.
“Улар менга баъзида отишмалар остида қолиб кетиши, одамлар ўлдирилишига гувоҳ бўлиши ҳақида айтди. Улар умидсиз бўлгани учун шу ишни қилмоқда, баъзиларининг қарзлари бор”, дейди Урмат шериклари ҳақида.
Манбага кўра, меҳнат муҳожирларининг аксарияти ҳарбий ҳаракатлар натижасида вайрон бўлган шаҳарларда, жумладан, Мариуполдаги қурилиш майдонларида ишламоқда. Бундан ташқари, Украинада ишлаш учун аёллар ҳам ёлланмоқда. Уларга шарқда босиб олинган ҳудудлардаги ҳарбий госпиталлар, ошхоналар ва фабрикаларда ишлаш таклиф қилинган.
Таъкидлаш жоизки, мигрантлар учун асосий рағбат пулдир. Уларга ойига 2000 доллардан 3300 долларгача бўлган маош таклиф этилган. Бу эса улар Россияда ишлаб топиши мумкин бўлган маблағдан анча юқори.
Тожикистонлик Сорбон исмли шахснинг айтишича, Украинада ишлаш ҳақида нафақат иш берувчилар, балки интернет сайтлар, Telegram гуруҳлари ва бошқа ижтимоий тармоқларда рекламалар орқали хабардор бўлишмоқда.
Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ўз фуқароларини Украинага бормаслик ҳақида бир неча бор огоҳлантирган, Украина эса уларни босқинчиларнинг шериклари деб билишини таъкидлаган.
LiveБарчаси