Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг саммити коронавирус сабабли қолдирилди

Олам 2384
image

Марказий Осиё мамлакатлари Президентларининг жорий йил Бишкекда бўлиб ўтиши керак бўлган навбатдаги учинчи Маслаҳат учрашуви коронавирус пандемияси сабабли 2021 йилга қолдирилди. Навбатдаги саммит катта эҳтимол билан Туркманистонда бўлиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 23 октябрь Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов айтиб ўтди.

"Афсуски, коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар ва пандемияни жорий йил охиригача бартараф этиш вақтидаги ноаниқликлар давом этаётганлиги сабабли, навбатдаги – учинчи маслаҳат учрашувини ўтказиш мумкин эмас", деди Комилов "Правда Востока" газетасига берган интервьюсида. Унга кўра, Туркманистон учинчи учрашувни 2021 йилда ўзида ўтказишни таклиф қилган.

Дипломатнинг сўзларига кўра, учрашувнинг кейинга қолдирилиши минтақа давлатлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришда “сусткашлик” қилганлигини англатмайди. Комиловнинг фикрига кўра, кўп томонлама ҳамкорлик Марказий Осиёнинг бешта давлати учун устувор аҳамиятга эга.

Маълумот ўрнида, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг консультатив учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги таклиф 2017 йилда Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди. Бундай биринчи йиғилиш 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтди. Иккинчиси 2019 йил ноябрда Тошкентда ўтказилган эди.

Сарвар Анвар ўғли

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 3.2
t
×