Махарадзе 5 йилга футболдан четлатилди. У ўз жамоасининг ютқазишига пул тиккан
Спорт
−
16 Сентябрь 2022
11164Тошкентнинг “Локомотив” клуби футболчиси Кахи Махарадзе футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан 5 йил муддатга четлатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этиш керакки, Махарадзенинг келишилган ўйинларда иштирок этгани ҳақидаги хабарлар Ўзбекистондаги айрим Оммавий ахборот воситаларининг электрон почтасига келиб тушган эди. Бу хабар тезда тарқалди ва футбол жамоатчилигининг жиддий эътирозларига сабабчи бўлди.
Гурузиялик футболчининг иш бўйича ЎФА тартиб интизом қўмитаси текшириш ишларини олиб борди. Маълум бўлишича, “Локомотив” ПФК футболчиси Кахи Махарадзе, футболчи Евгений Кочнев, Грузия фуқаролари Г.К. ва Ч.М. исмли шахслар ўзаро тил бириктириб, хитойлик Жай исмли шахсни “Локо”нинг учрашувларини ўзлари учун қониқарли натижа билан тугатишга ишонтирган. Натижада, Жай “Локомотив”нинг учрашувларига пул тиккан.
Хусусан, шу йилнинг 27 май куни бўлиб ўтган “Навбаҳор” – “Локомотив” учрашувида 2:0 ҳисоби қайд этилган. К.Махарадзе, Г.К., Ч.М. ва Е.Кочнев мазкур ўйин учун Жай исмли шахсдан тахминан 30 000 АҚШ доллари олиб, ўзаро бўлишиб олган.
Шунингдек, бу шоввозлар “Локомотив”нинг АГМК ва “Сўғдиёна” футбол клубларига қарши учрашувларига ҳам пул тикиш масаласи муҳокама қилинган бўлса-да, лекин бу амалга ошмагани аниқланган (ушбу маълумот ОФК ва “Спортрадар” ташкилотлари томонидан ҳам тасдиқланган).
Бир нечта режалари саробга айланган Кахи навбатдаги “овга” чиқади. Футболчи “Локомотив”нинг “Навбаҳор” билан учрашувда мағлуб бўлишига ўзининг ҳамтовоғи Жайни ишонтирган. Аммо “темирйўлчилар” “аждарлар”га мағлуб бўлмади. Учрашув 0:0 ҳисобидаги дурранг билан якунланган.
Махарадзега ишонган Жай 100 000 долларга куйган ва у Кахидан пулларини қайтариб беришини талаб қилган. Бироқ 34 ёшли грузиялик футболчи пулларни қайтаришдан бош тортган. Бундан дарғазаб бўлган Жай Махарадзенинг қилмишини ўзбек ОАВларига сиздирган. Шу тариқа, Кахининг “бизнесига” нуқта қўйилган.
ЎФА мазкур ҳолат юзасидан унга алоқадор бўлган чет эл фуқароларининг шубҳали ҳаракатлари бўйича маълумотлар тегишли халқаро ташкилотларга юборган. Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси келишилган ўйинларни аниқлаш бўйича ОФК ва “Спортрадар” билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиб келаётгани ҳамда шу каби ҳолатлар аниқланса, айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши алоҳида урғулаган.