Маҳаллийлаштириш дастури доирасида “БелАЗ”ларга эҳтиёт қисмлар тайёрланяпти

Бизнес

image

Мамлакатимизда экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллий хомашё ва минерал ресурслар негизида ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш саноатнинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Бу борада Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллийлаштириш дастури ижроси бўйича бир қатор янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштириляпти.

Маҳаллийлаштириш дастури ижросини комбинатнинг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси мисолида оладиган бўлсак, бу ерда 4 та лойиҳа бўйича 102 млрд сўмлик маҳсулотлар – молибден, вольфрам карбиди, қаттиқ қотишмали втулкалар ишлаб чиқарилади. Натижада эса импорт ўрнини босиш самарадорлиги 31,2 млн долларни ташкил этади.

Бирлашманинг Асбобсозлик ва технологик ускуналарни ишлаб чиқариш цехида Япониядан келтирилган токарлик фрезерловчи ускунаси ёрдамида “БелАЗ” автосамосваллари учун 2 хил ҳажмдаги эҳтиёт қисмлар – яъни диаметри 180 мм ва 150 мм бўлган шарли тиргаклар ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса ички харажатларни 2 баробарга қисқартиришга ёрдам беради. Эътиборлиси, ушбу маҳсулотга қўшни  Қозоғистон давлати ҳам ҳам қизиқиш билдирган. Биргина мазкур ускунанинг ўзида маҳаллийлаштириш дастурига киритилган 5 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Шунингдек, цехда маҳаллийлаштириш ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзметкомбинат” АЖ буюртмаси билан арматура ишлаб чиқаришда ишлатиладиган ҳалқали эҳтиёт қисмлар ҳам тайёрланмоқда. Бугунги кунда қурилиш ва капитал таъмирлаш ишларининг ортгани ҳисобига, буюртмалар ҳажми ҳам 2 баробарга кўпайган. Шу билан бирга, автомобилларнинг кузовини пайвандлашда ишлатиладиган маҳсулотлар ҳам мазкур цехнинг янги маҳсулотлари қаторидан жой олди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки жорий йилнинг 1-чорагида ОКМКда маҳаллийлаштириш дастурида режалаштирилган 75 та лойиҳа бўйича ҳажми 44,9 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган бўлса-да, амалда 59,6 млрд сўмлик маҳсулотлар тайёрланган. Бу эса режага нисбатан 132,7 фоизни ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43,1 млрд сўмга ёки 138,2 фоизга режа ошириб бажарилган. Дастур доирасида 220,4 минг долларлик техник рух сульфати экспорти ҳам амалга оширилган.
Комбинатда дастур ижроси асосан Марказий таъмирлаш механика заводи, рух заводи ҳамда Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида амалга оширилади.

Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида эса 9,6 млрд сўмлик маҳсулотлари тайёрланишига эришилган.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида бугунги кунда маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 21 та янги турдаги 25,2 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Хусусан, қаттиқ қотишмали маҳсулотлар – парма ва фрезалар, руда майдалаш тегирмони зирҳ қопламаси, юқори ҳароратга чидамли керамик маҳсулотлар, вольфрам ангидриди, янчиш ускунаси зирҳлари, қуйма маҳсулотлар шулар жумласидандир.

Жорий йил якунига қадар қўшимча янги 12 та лойиҳа ҳисобига 130 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Натижада лойиҳалар сони 130 тадан ошиб, ишлаб чиқариш йиллик режаси 340,0 млрд сўмга ёки 163 фоизга бажарилади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 156 фоизга ўсиши кутилмоқда.

ОКМК Ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг