Маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар берилади 

Жамият 2173
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида соғлом рақобат муҳитини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида фаолият юритувчи маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчилар:

•    Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмларни импорт қилишда белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича 2022 йил 1 январгача божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона йиғимидан ташқари) озод қилинади;

•    қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва унга сервис хизматини кўрсатиш учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилишда товарлар эркин муомалага (импортга) чиқаришнинг божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб ҚҚСни 270 кун кечиктириб тўлаши мумкин.

Шунингдек, қарорга кўра импорт қилинадиган эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмлар рўйхатлари ва уларга тузатишлар имтиёз берилган ташкилот томонидан шакллантирилади ҳамда улар юзасидан “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКнинг ижобий хулосаси олинган тақдирда, импорт қилувчи ҳар қандай ташкилотлар рўйхатда кўрсатилган товарларни белгиланган тартибда импорт қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 3
t
×