Лукашенко ҳокимиятдан кетса, уни нима кутяпти? Беларусь Конституцияси ўзгариши кутиляпти

Олам 6220
image

Беларусь Миллий-ҳуқуқий портали ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган Конституция лойиҳасини муҳокама учун оммага тақдим қилди. 

Муҳокамага қўйилган янги Конституция лойиҳасида бир нечта ўзгартиш ва қўшимчалар ўрин олган. 

Унда мамлакат ҳудудида бошқа давлатга нисбатан ҳар қандай ҳарбий агрессия қўллашдан тийилиш, мамлакатда ўтказиладиган сайловларнинг хорижий фуқаролар ва ташкилотлар томонидан молиялаштирилишини тақиқлаш каби муҳим янгиликлар кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, лойиҳада давлат раҳбарининг сайланиши ва лавозимидан озод этилиши бўйича муҳим таклифлар илгари сурилган. Хусусан, бир шахснинг икки мартадан ортиқ Президент сифатидан сайланмаслиги, Президент Конституцияни мунтазам ёки қўпол равишда бузса, давлатга хиёнат ёки бошқа оғир жиноят содир этган тақдирда, Бутунбеларусь Халқ ассамблеяси томонидан лавозимидан четлатилиши мумкинлиги қайд этилган.

Шунингдек, давлат раҳбари соғлиғи сабабли мамлакатни бошқаришга қодир бўлмай қолган тақдирда, парламент қарори билан у, муддатидан аввал ўз лавозимини тарк этиши мумкин бўлади.

Конституция лойиҳасида Президент суиқасд, террористик ҳужум, ҳарбий тажовуз ёки бошқа зўравонлик ҳаракатлари натижасида вафот этган тақдирда, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий этилади ва давлат органлари Хавфсизлик Кенгаши қарорига мувофиқ иш юритади. Бундай вазиятда Хавфсизлик Кенгаши раиси этиб Республика Кенгашининг спикери тайинланади (амалдаги қонунга кўра, бундай вазиятда давлат раҳбарининг ўрнига Бош вазир тайинланиши белгиланган).

Қайд этилишича, ваколати тугаган Президент умрбод сенатор бўлиб қолиши мумкин бўлади. 

Конституцияга киритилган тузатиш ва ўзгартишлар бўйича халқ референдуми 2022 йил февраль ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Овоз беришдан олдин лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан ўтади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойининг охирида амалдаги Президент Александр Лукашенко хорижда туриб ўз фаолиятини амалга ошираётган мухолифат мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритишга уринаётгани ҳақида маълум қилган эди.

2020 йил август ойида Беларусда президентлик сайловлари бўлиб ўтган эди. МСК сайлов якунида 80 фоиздан кўпроқ овоз билан Александр Лукашенко ғалаба қозонганини эълон қилган. Сайлов куни мамлакатда бир неча ойга чўзилган оммавий норозилик намойишлари бошланди. Сайлов натижалари сохталаштирилгани даъвоси билан кўчага чиққан фуқаролар ҳарбийлар ва бошқа хавфсизлик кучлари томонидан бостирилган эди.

Маълумот ўрнида, Александр Лукашенко собиқ совет республикалари орасида энг узоқ йил президентлик курсисини эгаллаб келаётган ягона Президент сифатида кўрилади. У лавозимга илк бор 1994 йил 20 июлда киришган. У 2020 йилгача 5 та Президентлик муддатини ортда қолдириб, айни вақтда олтинчи муддатда фаолият юритмоқда.

Беҳруз Саидов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 125
Рейтинг: 3
t
×