“Ласковий май” қўшиқларида гиёҳвандликни тарғиб қилишда айбланди
Маданият-санъат
−
05 Апрель
10359Ўтган асрнинг 90-йилларида хит бўлган Россиянинг "Ласковий май" гуруҳи қўшиқларида гиёҳвандлик воситаларини тарғиб қилган. Бу ҳақда "Газета.ru" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, гуруҳнинг 1991 йилда Алексей Фёдорович Вишня томонидан ёзилган “Шприц” қўшиғи яқинда ижтимоий тармоқларда трендга айланган. Қўшиқда қаҳрамон шприцдан қандай фойдаланиш, у орқали қон-томирга дори "юбориш" каби сўзларни ишлатган. Шунингдек қўшиқ давомида гиёҳванд моддаларнинг номлари ҳам тилга олинган. Бундан ташқари, "Нам хана" қўшиғида ҳам гиёҳванд моддалар тарғиботи кузатилган.
Муаллифнинг ўзи бу каби айбловларни рад этган. Унинг сўзларига кўра, қўшиқлар 30-40 йил олдин ёзилган бўлиб, “қора дори” тарғиботи Вишнянинг хаёлида ҳам бўлмаган.
Маълумот учун, “Ласковий май” 1986 йилнинг декабрь ойида Сергей Кузнецов томонидан асос солинган совет ва рус эстрада гуруҳи. Гуруҳ аъзолари Оренбург болалар уйи тарбияланувчилари бўлиб, улар продюсер Андрей Разин (у ҳам болалар уйида тарбияланган) билан учрашганидан кейин Москвада ўз ижодини бошлаган. Гуруҳнинг энг машҳур қўшиғи Юрий Шатунов бошчилигида ижро этилган "Оқ атиргуллар" қўшиғи ҳисобланади.
Райҳона Улканбаева