Кулеба Путинга босим ўтказа оладиган Президент кимлигини айтди
Олам
−
10 Август 2023
34994Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия раҳбари Владимир Путинга дон келишувини тиклаш учун босим ўтказиши мумкин. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “Corriere della Sera” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Унинг айтишича, Украина вақтни беҳуда ўтказмаяпти ва маҳсулотларни Қора денгиздан ўтмасдан экспорт қилишнинг муқобил йўлларини қидирмоқда.
“Ҳа, менимча, бу Президент Эрдўғаннинг қўлидан келади. Турк дипломатияси Россия билан ҳамкорлик қилаётганини биламиз. Айни пайтда биз буғдой ва бошқа маҳсулотларни Қора денгиздан ўтмасдан экспорт қилиш учун муқобил йўналишлар қурмоқдамиз”, деган Кулеба.
Айтиш жоизки, Эрдўған дон келишувини кенгайтирилган форматда қайта тиклаш ниятида эканини билдирган ҳамда Ғарб давлатларини ушбу ташаббусни Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик асосига айлантиришда ёрдам беришга чақирган. АҚШ Давлат котиби Блинкен эса Россияни дон келишувига қайтариши мумкин бўлган давлат сифатида Бразилияни келтирган.
“Менимча, Бразилия Президенти Луланинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Россияни келишувга қайтишга кўндириш учун бу овоздан фойдаланиш жуда ижобий ҳаракат бўларди”, деган Блинкен.
Маълумот учун, дон келишуви 2022 йил 22 июлда Истанбулда тузилган. У ерда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Россия, Туркия ва Украина иштирокида иккита ҳужжат имзоланган. Унга кўра, Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россия озиқ-овқат ва ўғитларни экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф қилишга келишилди. Ташаббус 2022 йил ноябрида 120 кунга, кейин яна икки марта – икки ойга узайтирилган. Келишув жорий йилнинг 17 июль куни тугади. Шундан сўнг Россия шартноманинг иккинчи қисми бажарилмагани важи билан келишувдан чиқди ва Украина портларига зарба берди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 август куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған россиялик мавқедоши Владимир Путин билан телефонда суҳбатлашган ва унга Анқара ғалла битимини қайта бошлаш учун жадал ҳаракатларни давом эттиришини айтган эди. Суҳбат чоғида етакчилар Россия Президенти Владимир Путиннинг Туркияга ташрифи бўйича келишувга эришган.
LiveБарчаси