Кўкалдош мадрасасига янги мудир тайинланди
Жамият
−
03 Май 2023
8214Бугун, 3 май куни Абдулҳаким Матқулов Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мудири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий саҳифасида хабар берилди.
Айтилишича, Тошкент шаҳридаги Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти педагоглар жамоасининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мудири Муҳаммадамин домла Насриев бошқа ишга ўтганлиги сабабли унинг ўрнига диний-маърифий соҳада кўп йиллар меҳнат қилган Абдулҳаким қори Матқулов тайинлангани маълум қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров йиғилишда сўзга чиқиб, давлат раҳбари томонидан бугунги мураккаб дунёда ўзбек халқи, айниқса, ёшларга Ислом дини моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, диний таълим сифатини янада ошириш, қадимий диний таълим анаъналари ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда мамлакатдаги диний таълим муассасаларида татбиқ этиш каби муҳим топшириқлар берилганини алоҳида таъкидлаган.
Муфтий Холиқназаров мадрасанинг янги мудири ва педагоглар жамоаси олдида мана шундай долзарб вазифалар турганини ҳам алоҳида қайд этган.
LiveБарчаси