Коронавирусга чалинган маҳкумлар статистикаси яшириляптими? Ташанов ишончли маълумотлари борлигини айтди

Интервью

Хабарингиз бор,  коронавирус инфекцияси нафақат Ўзбекистонни, балки  бутун дунёни хавотирга солаётган глобал муаммолардан бирига айланди. Чунки чегара билмас  ва макон танламас ушбу вирус оқибатида 17 май ҳолатига кўра дунё бўйлаб  163 810 883 нафар инсон вирус юқтириб олган. 3 395 232 нафар инсон эса касаллик оқибатида вафот этди.  Тузалганлар сони эса 142 290 812 нафарни ташкил этмоқда.

Хусусан, жорий йил 16 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 223 кишига ортиб, 96 893 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 670 нафарни ташкил қилди. 

Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган маҳкумлар орасида ҳам коронавирус инфекцияси тарқалгани, аммо бирорта ҳам ўлим ҳолати кузатилмагани ҳақида хабар берилганди. Вирус юқтириб олган маҳкумларнинг фоизи ҳам очиқланди.

Aммо Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова билан суҳбат давомида COVID-19 юқтириб олган маҳкумлар билан боғлиқ статистика тўғри эмаслигини, бу борада ишончли маълумотлари борлигини айтди.

“Ташқарида коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўлгани каби ичкари (қамоқхона – таҳр.) да ҳам кузатилган. Бу бўйича тасдиқланмаган, лекин ишончли маълумотлар бор. Шу вақтгача ҳамма жойда бу гапларни бемалол айта оляпман. Жазони ижро этиш бош бошақармаси раҳбарияти коронавирус билан яхши курашди ва касалликка чалинганлар кўпайишининг олдини олди, десак тўғри бўлади.

Шу билан бирга 1-сонли тергов изолятори, халқ тилида айтганда “Тоштурма”нинг қўриқчи ходимларида ҳам коронавирус аниқланди. Aхборот сиёсатини бошқариш жуда муҳим ва бу бизнинг заиф нуқтамиз.  Бор нарсани халққа етказиш деган тушунча бизда йўқ. Битта раҳбарга қўнғироқ қилсангиз давлат сири дейди, иккинчиси мумкин эмас, деб қутилади. Худди шунақа енгил йўлларга ўтиб олишди”, дейди Ташанов.

Aбдураҳмон Ташанов сўзида давом этаркан, ЖИЭББ раҳбариятига бир неча маротаба яхши журналистларни ишга олиш кераклигини таклиф қилганини такъидлаб, шундай деди:

“Бизда асл муаммодан кўра, ахборот сиёсатини бошқариш муаммоси кўпроқ. ЖИЭББ раҳбариятига кўп маротаба яхши журналистларни ишга олишларини таклиф қилганман. Ўтган йили 18 май куни қабул қилинган “Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазоларни ижро этиш муассасаларининг фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони соҳани тубдан ўзгаришига сабаб бўлди. Шу вақтгача Ўзбекистон “маҳкумлар мамлакати” деган тамға билан яшарди. Биз ундай эмаслигини кўрдик.”

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ҳудудида карантин тартиби жорий этилгандан буён қамоқхоналарга яқинларини кўриш учун келаётганларнинг аввал саломатлиги кўздан кечирилиб, вирус аломатлари кузатилмаса, учрашувга рухсат этилиши йўлга қўйилган ва ушбу тартиб ҳамон сақланиб келинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келганига 1 йил тўлиши муносабати билан QALAMPIR.UZ сайти медиа марафон ташкил қилганди. Унда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов иштирок этиб, ЖИЭМларда 9 фоиз маҳкумлар коронавирусга чалиниб, даволангани, айнан шу масалада брифинг ўтказилиб маълумотлар очиқлангани ҳақида айтганди.

Ғиёсов таъкидлашича ЖИЭМларда тиббиёт бўлимлари бор, фуқаролар даволаниши учун қандай талаблар қўйилган бўлса, маҳкумлар даволанадиган тиббиёт бўлимларида ҳам шу чоралар амал қилган, коронавирусдан ўлим ҳолати эса қайд этилмаган.

Шу билан бирга жорий йилнинг 21 январь куни ОAВ ходимлари учун ЖИЭББ томонидан матбуот анжумани ташкил этилганди. ИИВ ЖИЭББ даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Баҳодир Юсупов ушбу анжуманда иштирок этиб, 2020 йил   15 мартдан вирус қайд этилгач, 16 мартдан ЖИЭМларда ҳам чекловлар жорий этилганини айтганди. Унинг маълумот беришича, 4 ой мобайнида коронавирус инфекциясини жазони ижро этиш муассасаларига киришига йўл қўйилмаган, коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ҳам, уни даволаш мезонлари белгиланган.

21 январь куни бўлиб ўтган мазкур матбуот анжуманида Баҳодир Юсуповнинг таькидлашича, вируснинг симптомсиз шакли муассасанинг ўзида, оғир ва ўта оғир шаклларини эса ССВ тасарруфидаги махсус 4 та (Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент) ҳудудда даволанган. Вирус юқтириб олган бирорта маҳкумда ўлим ҳолати кузатилмаган. Бундан ташқари ҳолати оғир маҳкумлар, яьни Қашқадарё вилоятидан бир нафар, Бухоро вилоятидан бир нафар маҳкум муддатидан олдин озод этилгани ҳам очиқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

136

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг