Коронавирус хавфи: Тошкентда 3 та янги шифохона қурилади
Жамият
−
21 Март 2020
13220Тошкент шаҳрида қисқа вақт ичида учта шифохона қурилиб, фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда кеча, 20 март куни Парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент қўйи палаталари депутатлари ва Сенати аъзолари иштирокида ўтган йиғилишда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Давлатимиз ўз тараққиёти йўлида жадал ривожланаётган бир пайтда пандемия табиий ҳолатда Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Биз, парламент аъзолари, халқимиз ҳар дақиқада ушбу касалликнинг кечиши тўғрисида, умуман олганда, унинг иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, одамларнинг кайфиятига қандай таъсир этаётганини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб турибмиз. Бугунги кунда дунёда пандемия нафақат соғлиқни сақлаш тизимининг муаммоси, балки меҳнат, иқтисодиёт соҳаларига катта таъсир кўрсатаётган долзарб масалага айланди. Шу боис, Президентимиз икки кун давомида видеоселектор йиғилиши ўтказиб, халқимизга мурожаат қилдилар. Бу касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида барча куч ва имкониятлар сафарбар этилиши, дори-дармон ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари борасида етарлича захира мавжудлиги, энг асосийси, саросима ва ваҳимага тушишга асос йўқлигини таъкидладилар.
Яна бир жиҳат, давлатимиз раҳбари бу борада муҳим Фармонни қабул қилдилар. Махсус Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилгани фуқароларимизнинг соғлиғи ва меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан биргаликда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шу орқали иш жойларини ташкил қилиш, одамларимизнинг даромадларини ошириш борасида қилинаётган ишларимиз тўхтаб қолмаслигига сабаб бўлади. Бундай вазиятда, албатта, биз, парламент аъзоларидан фаоллик, масъулият талаб қилинади.
Сўнгги уч йилда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилган бўлса-да, йиллар мобайнида барча соҳалар, хусусан, ижтимоий соҳаларда муаммолар етарлича тўпланиб қолганлигига гувоҳ бўляпмиз. Айниқса, санитария-эпидемиология хизмати тўғрисида нафақат қонунчиликни такомиллаштириш, балки ҳукуматимиз томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши керак. Бунга давлат раҳбари ҳам урғу бериб, ушбу тизим йиллар давомида эътибордан четда қолганлиги, кадрлар салоҳияти етарли даражада эмаслиги, моддий-техника базаси ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигини таъкидлади. Шу муносабат билан, ҳозирда нафақат санитария-эпидемиология хизмати, балки соғлиқни сақлаш тизимини тубдан қайта ислоҳ қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Кеча Президентимиз видеоселекторда алоҳида қайд этдиларки, шу қисқа вақт ичида пойтахтимизда учта шифохона қурилиб, фойдаланишга топширилади. Албатта, бу муассасалар карантинга қабул қилиш учун қилинаётган бўлса-да, кейинчалик бошқа тиббий мақсадларда ҳам ишлатилиши мумкин.
Биз, парламент аъзолари, энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни тудбан қайта кўриб чиқишимиз зарур. Бунда асосий эътиборни кадрлар салоҳиятини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашга аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ.
Президентимиз ушбу соҳа мутахассисларининг ойлигига қўшимча ҳақ тўлаб берилиши, қўллаб-қувватланишини ҳам қайд этдилар. Чунки тиббиёт ходимлари нафақат карантинга олинганларга ёрдам беряпти, балки ўз ҳаётини хавф остига солиб, ўз ишини сидқидилдан бажармоқда. Шу ўринда соғлиқни сақлаш тизими мутахассисларига миннатдорлик билдирамиз.
Сенатор ва депутатлар вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан биргаликда ҳар биримиз қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз вақтида самарали татбиқ этилишини ҳам назорат қилишимиз, ҳам ҳукуматга, маҳаллий ҳокимиятга ёрдам беришимиз керак.
Шу кунларда халқимизга хос бўлган оғир-вазминлик, бирнинг муаммосини эл муаммоси деб қабул қилиш, синовли кунларда бирлашиш, ўзимизнинг азалий ўзбек халқларига хос бўлган қадриятларни намоён этишимиз керак бўлади. Ўйлайманки, халқимиз билан биргаликда изчил ҳаракатларни амалга ошириб, шу синовни ҳам енгамиз”, деган Танзила Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 33 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor