Коммунал хизмати ўйинлари: Қашқадарёда 16 йил олдин вафот этган марҳумга 44 млн дан зиёд жарима қўлланилган

Жамият 3534
image

Қашқадарё вилояти Касби тумани Месит қишлоғида яшовчи фуқаро Бодом Шодиева туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, 2003 йилда вафот этган марҳум турмуш ўртоғи Элмурод Дўсатов номига ўлимидан ўн тўрт йил ўтиб туман электр таъминоти корхонаси томонидан далолатнома расмийлаштирилганлиги ва марҳумга нисбатан 44 044 294 сўм жарима қўлланилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Xalq so’zi  нашри маълум қилди.

Мурожаат ўрганилганда, туман электр таъминоти корхонаси назоратчилари томонидан марҳум Э. Дўсатов номига далолатнома ёзилиб, жарима суммаси эса Б.Шодиевага тегишли бўлган хонадонга очилган 0410456 рақамли абонент рақамига киритилганлиги аниқланди. Бироқ, ўрганиш жараёнида ушбу далолатномани электр таъминоти корхонаси масъуллари топиб бериша олмади.

Бундан кўринадики, собиқ назоратчилар хонадонга бормасдан, у ерда яшовчилар билан учрашмасдан, гувоҳларсиз далолатнома расмийлаштиришган ва жарима ҳисоблашган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 351-моддасида “Агар мажбуриятни қарздорнинг шахсий иштирокисиз бажариш мумкин бўлмаса ёки мажбурият бошқача тарзда қарздорнинг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлса, қарздор вафот этиши билан мажбурият бекор бўлади” деб белгилаб қўйилган.

Кодекснинг мазкур моддаси талабларидан келиб чиқиб, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖга марҳумнинг зиммасидаги қарздорликни унинг ҳисобидан чиқариш юзасидан маълумот киритилиб, Мажбурий ижро бюроси туман бўлимига тегишли ҳужжатлар тақдим этилди. Марҳум Э.Дўсатов қарз юкидан халос бўлди.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 67
Рейтинг: 2.9