КХШТ Арманистонга тинчликпарвар кучларини киритадими?

Олам 2859
image

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар контингентини Арманистонга юбориш ҳозирча кун тартибида эмас. Бу ҳақда КХШТ Бирлашган штаби раҳбари, генерал-полковник Анатолий Сидоров маълум қилди.

“Келинг, ўзимиздан олдинга бормайлик. 13 сентябрь куни давлатларимиз раҳбарлари бир овоздан Арманистон ва Озарбайжон ўртасида мавжуд бўлган бу муаммони сиёсий ва дипломатик усуллар билан ҳал этиш зарурлигини таъкидладилар. Яъни, ҳарбий куч ишлатиш, шунингдек, КХШТ (кучлари)ни мамлакатга киритиш на 13 сентябрда, на кеча, на бугун ва менимча, яқин келажакда гап бўлиши мумкин эмас”, дейди Сидоров.

Шунингдек, у томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганини, бу келишувга риоя қилинаётганини таъкидлаган.

“Шунинг учун биз умид қиламизки, жараёнлар шу тарзда – тинч йўл билан, қурол ишлатмасдан ҳал қилинади”, дея қўшимча қилган штаб раҳбари.

Эслатиб ўтамиз,  Арманистон Озарбайжон қўшинларини мамлакатдан чиқариб юбориш учун Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ҳарбий ёрдам кутаётганини маълум қилган эди.

Маълумот ўрнида, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокацияни амалга оширган эди.

Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:05 да бошланди. Баку Ереванни провокацияларда айблади ва шунинг ортидан тўқнашув юз берганини маълум қилди.

Расмий Бакуга кўра, 13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган. Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 50 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Томонлар 13 сентябрь куни тонгда ўт очишни тўхтатиш режими тиклашга келишиб олди.

Арманистоннинг талаби билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди. Унда ташкилот бош котиби раҳбарлигидаги миссия воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганишига келишилди.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 10
Рейтинг: 3.4
t
×