КХДРда илк бор аёлларга ҳайдовчиликни ўрганишга рухсат берилди – ОАВ

Олам

image

Шимолий Кореяда аёлларга ҳайдовчиликни ўрганишга рухсат берила бошланди. Бу ҳақда мамлакатдаги манбаларига таяниб, Жанубий Кореянинг Daily NK нашри хабар берди.

Нашрга кўра, илк бор айрим автомактаблар Корея Халқ Демократик Республикаси Социалистик аёллар иттифоқи тавсияси асосида қизларни ўқишга қабул қилишни бошлаган. Бунгача аёллар йўл ҳаракатини тартибга солиш ҳуқуқига эга бўлсалар-да, автомобиль бошқаришлари тақиқланган эди. Ҳозирча аёллар учун расмий ҳайдовчилик гувоҳномаси олишга рухсат берилганига оид баёнотлар эълон қилинмаган.

Бу Ким Чен Ин раҳбарлиги даврида транспорт соҳасидаги илк эркинлаштириш ҳаракати эмас. 2010 йиллар бошида, ҳокимият тепасига келганидан кейин у аёллар учун велосипедда юриш тақиқини бекор қилган. Ушбу тақиқни унинг отаси Ким Чен Ир 1996 йилда бир расмийнинг қизи ҳалок бўлган ҳодисадан сўнг жорий қилган. Жанубий Корея ОАВларининг ёзишича, ўша пайтда Шимолий Корея раҳбарияти аёлларнинг велосипед ҳайдашини шамолда ҳилпирайдиган юбкалари сабабли номақбул деб билган.

Шимолий Корея расмийлари бу ўзгаришларга ҳали изоҳ бермаган. Бироқ кузатувчилар аёлларга автомактабларда ўқиш имконияти берилишини мамлакатдаги ижтимоий сиёсатда секин ва чекланган бўлса-да, муайян ўзгаришлар бўлаётганидан дарак сифатида баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Корея Халқ Демократик Республикасида илк бор севги ва партия хатоларини очиқ тасвирлаган телесериал эфирга узатилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Жанубий Корея Шимолий Корея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг