Хитой санкциялар сабаб арзонлашаётган рус компаниялари улушини сотиб олмоқчи

Олам

image

Хитой Россиянинг “Газпром”, “Русал” ва бошқа энергетика, хомашё компаниялари акцияларини сотиб олиш ёки мавжудларини ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” манбаларга таяниб, хабар берди.

Пекин ўзининг давлат фирмалари, жумладан China National Petroleum Corp., China Petrochemical Corp., China Aluminium Corp. ва China Minmetals Corp. билан Россия компаниялари ёки активларига сармоя киритиш имкониятлари ҳақида музокаралар олиб бормоқда. Ҳар қандай келишув Хитой импортини кўпайтиришга қаратилган бўлади, чунки ХХР ўз энергия ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашдан тобора кўпроқ манфаатдор, дейди экспертлар.

Нашрнинг таъкидлашича, мунозаралар дастлабки босқичда ва келишувларга олиб келмаслиги мумкин. Айрим хабарларга кўра, Хитой ва Россия энергетика компаниялари ўртасида музокаралар бошланган. Украинадаги вазият Пекинга босимни оширди, чунки мамлакатда энергия, металлар ва озиқ-овқат нархи мисли кўрилмаган даражага кўтарилди.

Нархлар ошишининг иқтисодга таъсиридан хавотирланган амалдорлар товар етказиб бериш хавфсизлигини таъминлашга устувор аҳамият бериш тўғрисида буйруқлар чиқарди. Хитой Европа ва Америка компанияларининг Россиядан оммавий равишда чиқиб кетишига қарамай, Россия билан нормал савдо алоқаларини давом эттиришга ваъда берган.

Охирги беш йил ичида Хитой Россиядан энергия манбаларини харид қилишни икки баробарга ошириб, қарийб 60 миллиард долларга етказди. Хитойнинг CNPC компанияси “Ямал СПГ” лойиҳасининг 20 фоиз улушига ва “Арктик СПГ-2”нинг 10 фоиз улушига эга, Cnooc Ltd. — “Арктика”нинг 10 фоиз улушини сотиб олган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

501

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг