Харрис Ғазодаги қирғин бўйича АҚШнинг позициясини очиқлади
Олам
−
03 Декабрь 2023
9361АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Ғазо секторида тинч аҳоли бошдан кечираётган зўравонлик кўламидан хавотирда. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Камала Харрис Дубайда бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича БМТ доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференцияси чоғида айтиб ўтди.
"Қўшма Штатлар халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилиниши кераклигини шубҳасиз таъкидлайди. Жуда кўп бегуноҳ фаластинликлар ҳалок бўлди. Очиғини айтсам, тинч аҳолининг азоб-уқубатлари кўлами, Ғазодан келаётган тасвир ва видеолар даҳшатли", дейди у Яқин Шарқ мамлакатлари етакчилари билан учрашувдан сўнг.
Харриснинг билдиришича, Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси билан учрашувда у Америка маъмуриятининг фаластинликларни мажбуран кўчиришга, шунингдек, Ғазо секторини қайта босиб олиш, қамал ёки блокадага олишга қарши бўлган позициясини тасдиқлаган.
Унинг айтишича, можародан кейинги Ғазо сектори ва Фаластин давлати бўйича режаларни муваффақиятли амалга ошириш учун минтақавий консенсус ва ёрдам зарур.
АҚШ вице-президенти Вашингтон анклавнинг можародан кейинги тузилишига ёндашувида танқидий деб ҳисоблайдиган беш тамойилни эслатган.
“Мажбурий кўчириш, қайта ишғол қилиш, қамал ёки блокада қилиш, ҳудудни қисқартириш ва Ғазодан террорчилар учун платформа сифатида фойдаланиш мумкин эмас”, дейди Харрис.
Унинг қайд этишича, Қўшма Штатлар бирлашган Ғазо ва Ғарбий Соҳилни Фаластин маъмурияти назорати остида кўришни хоҳлайди.
Харрис, шунингдек, АҚШ маъмуриятининг Фаластин-Исроил можаросини икки давлат тамойили асосида ҳал этиш тарафдори эканини яна бир бор таъкидлаган.
“Икки давлат тузиш қарори барқарор тинчликка эришишнинг энг яхши усули бўлиб қолмоқда”, дейди у.