Халқ таълими тизимида 220 млрдлик камомад аниқланди

Жамият

Коррупция – дунёнинг барча мамлакатларида тоқат қилиб бўлмас иллат. Фақат у билан курашиш қайсидир давлатда муросасиз, қайсидир давлатда эса бироз бўш. 

Ҳар йили жаҳоннинг бир қанча давлатлари ушбу иллатдан миллиардлаб зарар кўради. Жумладан, Ўзбекистон ҳам. Мамлакат халқ таълими тизимида ҳам жорий йилда 220 миллиард сўмлик камомад аниқланган. 

Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов бугун, 3 декабрь куни Халқ таълими вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда вазирликнинг ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан тизимда аниқланган ўғриликлар ҳақида маълумот берди.

“Сарҳисоб қиладиган бўлсак, жорий йилнинг 11 ойи давомида жами 220 миллиард сўмлик камчилик [камомад] аниқланди. Aйтишим керакки, бу пул ўғрилик, еб кетилган пул эмас, бу жами камчиликлардир. 220 миллиард ичидан ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, иш ҳақи билан боғлиқ бўлган камчиликларни ўзи 154 миллиардни ташкил этади. Бу рақам кичик эмас, дарҳақиқат, асртономик рақам. Лекин бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиманки, 20 триллион сўмлик бюджет эгаси агарда 1 фоиз хатоликка йўл қўйса, шунинг ўзи тизим бўйича  200 миллиард бўлади. Бу жуда нотўғри ва албатта, бунинг олдини олишимиз керак. 

154 млрднинг ҳисобини аниқлайдиган бўлсак, шундан 70 млрд сўми, аниқроғи 69,8 млрд сўми ўзлаштириш ҳолатларига тўғри келди. Очиқ ойдин айтиш керакки, бу – ўғрилик. Яъни бизнинг ички аудит хизмати томонидан 70 млрд ўғрилик ҳолати аниқланди. Биз шаффоф тизимда ишлаб келяпмиз, беркитадиган нарсамиз йўқ, бу ҳолатларнинг энг қўполларини ҳам айтишим керак”, дейди Комилов.

Вазир ўринбосари сўзида давом этар экан, соҳага етказилган зарарлар мисолида Андижон шаҳри ва Сирдарё вилоятининг Боёвут туманини келтириб ўтди.

“Мисол учун, Aндижон вилоятининг Aндижон шаҳрида 20,4 млрд сўм, Жиззах вилояти Зарбдор туманида 7,8 млрд сўм нақд пул маблағлари ҳисобланган иш ҳақига нисбатан ортиқча олиниб, кассага кирим қилинмаган ва ўзлаштириб юборилган.

Бундан ташқари, Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани 4,9 млрд сўмлик, маблағ ишламайдиган ходимларга ҳамда ортиқча иш ҳақи ҳисоблаш орқали ўзлаштирилган. Шу ернинг ўзида 77 млрд сўмлик камомад топилди”, дейди Комилов.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

158

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг