Каспий денгизи соҳилларидан 100 дан ортиқ ўлик тюленлар топилди

Олам

image

Каспий денгизининг Манғистау (Қозоғистон) вилояти билан туташ соҳилидан 100 дан ортиқ ўлик Каспий тюлени топилди. Бу ҳақда Марказий Осиё Экологик тадқиқотлар институти матбуот хизмати хабар берди.

Каспий тюленининг оммавий нобуд бўлгани ҳақидаги хабар 7 ноябрь куни соат 19:30 да Каспий денгизи тюленини ўрганиш ва реабилитация қилиш марказига келиб тушган, шундан сўнг мутахассислар воқеа жойига жўнаб кетган.

Баутино қишлоғи ва Форт-Шевченко шаҳри оралиғидаги қирғоқда ўлик тюленлар топилган. Мутахассислар қирғоқдаги ҳолатни ўрганишда давом этмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлигининг Балиқ хўжалиги қўмитаси томонидан тюленларнинг гўштини йиғиш учун ходимлар ва транспорт воситалари жалб этилган.

“8 ноябрь куни соат 17:00 ҳолатига кўра, турли жойларда, бир-биридан узоқда жойлашган 101 дона ўлик тюленлар жасади топилган. Айни пайтда ҳайвонларнинг қолдиқлари чириган ҳолатда бўлгани боис ўлим сабабларини аниқлаш учун тўқималар намуналари лаборатория текширувидан ўтказилаяптими ёки йўқ, аниқланмоқда”, деб тушунтирган Каспий тюленини ўрганиш ва реабилитация қилиш маркази директори Одилхон Товасаров.

Марказ мутахассислари Балиқчилик қўмитаси билан биргаликда Каспий денгизининг бошқа ҳудудларини ҳам ўрганмоқда. Лаборатория тадқиқотлари учун тюленлар ўлган жойдан сув ва тупроқ намуналари ҳам олинади.

Маълумот учун, 2022 йил бошидан буён Каспий денгизи қирғоқларида 216 та Каспий тюленларининг жасади топилган. Мутахассислар ноёб ҳайвонларнинг нобуд бўлишининг аниқ сабабини ҳали ҳам топа олишмаяпти.

2020 йил ноябрь ойида Каспий тюлени Қозоғистон Қизил китобига – йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонлар рўйхатига киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг