Канададаги эски мактабда 215 нафар боланинг жасади топилди
Олам
−
29 Май 2021
29944Канададаги Американинг туб аҳолиси ҳиндуларни ассимиляция (бирор элатни ўзига хос бўлган хусусиятларидан маҳрум қилиш) қилишга мўлжалланган мактаб-интернатда 215 нафар боланинг жасади топилди. Болалар 1978 йилда ёпилган Британия Колумбиясига тегишли Камлупс номли ҳиндулар мактабининг ўқувчилари бўлган.
Жасад қолдиқлари мактабни ўрганиш пайтида ерга кириб борувчи радар ёрдамида топилган. Ўлган ўқувчиларнинг орасида эндигина 3 ёшга кирган болалар ҳам бор. Ўқувчиларнинг ўлими ҳақида ҳеч қандай расмий ҳужжатлар мавжуд эмас.
Канада Бош вазири Жастин Трюдо бу ҳолат юзасидан фикр билдириб, “мамлакатимиз тарихининг шармандали “боб”ини оғриқли эслатиш” дея таъриф берди.
Канаданинг бундай мактаб-интернатлари ХIХ-ХХ асрларда маҳаллий ёшларни мажбуран ассимиляция қилиш мақсадида ҳукумат ва диний идоралар томонидан бошқарилган. Ўша пайтда бундай мактаблар кўп бўлгани айтилмоқда. 1863 йилдан 1998 йилгача 150 мингдан ортиқ маҳаллий ҳинду болалари оилаларидан олиб кетилиб, шундай мактабларга жойлаштирилган. Болаларга ўз тилларида гаплашиш тақиқланган. Уларга жуда ёмон муомалада бўлиб, хўрлашарди. Мактаб-интернатларига олиб келинган кўплаб маҳаллий болалар ҳеч қачон ўз уйларига қайтмаган.
2008 йилда Канада ҳукумати ушбу тизим учун расмий равишда кечирим сўраган. 2015 йилда эълон қилинган “Ҳақиқат ва ярашув” номли ҳисоботда бу сиёсат “маданий геноцид” экани айтилган. Бугунги кунга келиб бу турдаги мактаб-интернатларида 4100 дан зиёд бола ўқиш пайтида вафот этгани аниқланди.
Ҳозирда мутахассислар мактабдан топилган болаларнинг ўлим сабаблари ва вақтини аниқлаш устида иш олиб бормоқдалар. Жасад эгаларининг шахси аниқлаштирилмоқда.
Моҳинур Маматова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь