Қўқонда Хитойдан қайтган талаба вафот этди. У коронавирусдан ўлдими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқлар ва қатор электрон ОАВда Хитойдан қайтган қўқонлик талаба уйида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Табиийки, бу йигитнинг ўлимини коронавирус билан боғлашга сабаб бўлди. 

Қўқон шаҳридаги Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига келтирилган фуқаро ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабар юзасидан Қўқон Бош Давлат санитария врачининг расмий баёноти эълон қилинди.

Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон тумани Ҳаётобод қишлоғида яшовчи, 2000 йилда туғилган Абдуқодиров Муҳаммадбобур Мунаввар ўғли ўзи истиқомат қиладиган уй ҳаммомига ювиниш учун кириб кетиб, бир неча соат давомида қайтиб чиқмаган. Шундан сўнг унинг яқинлари ҳаммом эшигини бузиб киришганида йигит жонсиз ҳолатда ётганлиги маълум бўлган. 

Гарчи фуқаро ҳаммомдаёқ ҳаётдан кўз юмган бўлса-да, яқинлари Қўқон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб боришган. Қабул диагностика бўлимида реаниматологлар томонидан жасад зудлик билан кўрилганда, биологик ўлим аллақачон содир бўлганлиги тасдиқланган. 

Бу ҳақида дарҳол ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берилган ва мурда суд тиббий экспертизадан ўтказиш учун Қўқон шаҳар суд тиббий экспертизасига юборилган. Мурда дастлабки суд тиббий текширувидан ўтказилганида унда ис газидан заҳарланишга хос бўлган махсус специфик белгилар аниқланган. 

Маълум бўлишича, Муҳаммадбобур Абдуқодиров тил ўрганиш мақсадида 2019 йил 15 ноябрда Хитой давлатига борган бўлиб, 31 январь куни Корея давлати орқали Ўзбекистонга қайтиб келган. 

У мамлакатга қайтиб келган куниёқ Ўзбекистон туманидаги 71-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган ва икки ҳафталик назоратга олинган бўлиб, унда ҳеч қандай касаллик аломатлари аниқланмаган. Буни Муҳаммадбобур Абдуқодировнинг амбулатор картасидаги маълумотлар ҳамда яқинлари билан ўтказилган суҳбат ҳам тасдиқлади. 

Муҳаммадбобур Абдуқодировнинг Хитой давлатидан келганлиги сабабли эпидемиологик кўрсатмага асосан олинган намуналар Фарғона вилояти СЭОМ вирусология лабораториясида текширилиб, унда грипп, коронавирус “2019-nCov” ва бошқа вирус турлари топилмади. 

Фуқаронинг ўлими дастлабки суд тиббий экспертиза хулосаларига кўра ис газидан заҳарланиш оқибати бўлиб, уни айни пайтда Хитой давлатида тарқалган коронавирус хасталиги билан ҳеч қандай боғлиқлик аломатлари аниқланмади. 

"Хитой давлатидан кириб келган шаҳримиз фуқаролари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, тана ҳарорати кўтарилган, шамоллаш аломатлари бор ва бошқа юқумли касаллик белгилари мавжуд бўлган фуқаролар аниқланмади. Улар профилактик мақсадда 14 кунга тиббий кузатувга олинган", дейилади баёнотда.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 27 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания ва Бельгияда аниқланди.

Вирусдан бугунгача 1368 нафар одам ҳалок бўлди. Касалланганлар сони эса 60310 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Янги коронавирусга Novel Coronavirus Pneumonia (NCP) номи берилди. У бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

вирус Қўқон

Баҳолаганлар

655

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг