Қозоғистонда қотилликда айбланаётган собиқ вазир сўнгги сўзини айтди
Олам
−
06 Май
18314Қозоғистонда рафиқасини ўлдиришда айбланаётган собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев судда сўнгги сўзини айтди. Бу ҳақда "Inbusiness" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, суд жараёнида Куандик Бишимбаев ҳакамлар ҳайъати ва судьяга мурожаат қилиб, сўнгги сўзни ўқиб берган. У ўзига қўйилган айблар жиддийлигини ва ўзи дуч келган вазият оғирлигини тан олган.
“Агар сиз олий принципга – Худога ишонсангиз, масалан, мен ишонаман, демак, биз хоҳлаймизми ёки йўқми, тушунишни истаймизми ёки аксинчами, У бизни синаб кўради. Биз ҳар куни Яратганнинг имтиҳонидан ўтамиз. Бу охиратимизни ҳал қилувчи синов. Айтишим керакки, ўша куни – 8 ноябрдан 9 ноябрга ўтар кечаси мен бу синовдан ўта олмадим”, деган айбланувчи.
Куандик Бишимбаев ўз қилмиши хотини Салтанатнинг ўлимига сабаб бўлгани ва унинг оиласига изтироб олиб келганидан чуқур афсусдалигини билдирган. У ҳеч кимга, жумладан хотинига ҳам ўлим тиламаслигини қўшимча қилган.
“Мен бундай бўлади деб ўйламагандим. Ҳурматли судьялар, мен айбдорман, лекин қасддан қотиллик содир этмаганман. Ҳибсга олинганимнинг биринчи дақиқасиданоқ мен ўша кун ҳақида фақат ҳақиқатни айтгандим. Мен кўп имкониятга эга бўлишимга қарамай, яширинишга ва жавобгарликдан қочишга ҳаракат қилмадим. Салтанатнинг ўлими беихтиёр юз берган. Биринчи ва иккинчи текширувлар, уларнинг барчаси ўлимга бошдаги қон томири ёрилиши – гематома сабаб бўлганлигини кўрсатди. Барча органлар, суяклар ва бош суяги бузилмаган”, дея таъкидлаган Қозоғистон Республикаси собиқ миллий иқтисодиёт вазири.
У фожиа туфайли ҳаёти издан чиққан ота-онаси, оиласи ва дўстларидан узр сўраб, содир бўлган воқеа учун бошқа ҳеч ким жавобгарликка тортилмаслиги кераклигини айтиб ўтган. Шу билан бирга, у суд томонидан тайинлаган ҳар қандай жазога тайёрлигини ҳам билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойида бир қатор қозоқ маҳаллий ОАВларида Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида Салтанат Нукенова исмли аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик аёл собиқ вазир Куандик Бишимбаевнинг рафиқаси бўлгани ва уни Бишимбаев ўлдиргани айтилди.
Мутахассислар марҳума Нукенованинг танасида пичоқ жароҳатлари изини топмаган. Тахминларга кўра, у бошига тўмтоқ жисм билан берилган кучли зарбадан ҳалок бўлган.
Ҳозирда Куандик Бишимбаев икки моддада айбланмоқда:
- Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 99-моддаси, 5-банд, 2-қисм ("Ўта шафқатсизлик билан қотиллик");
- Жиноят кодексининг 110-моддаси, 1-банд, 2-қисм (“Қийнаш”).
Унинг қариндоши, “Гастромарказ” директори Бахитжан Байжановга ҳам иккита айблов қўйилган:
- Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 432-моддаси (“Яшириш”);
- Жиноят кодексининг 434-моддаси ("Жиноят ҳақида хабар бермаслик").
Маълумот учун, 43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда Президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, “Самрук-Казина” жамғармаси раиси ўринбосари, “Байтерек” холдинги бошқаруви раиси бўлган.
2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йилнинг январида у ўғриликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йилнинг октябрида Бишимбаев озодликка чиққан.