Қозоғистонда фавқулодда ҳолат ва карантин режими май ойига қадар узайтирилди
Олам
−
10 Апрель 2020
6623Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев коронавирус туфайли мамлакатда фавқулодда ҳолат режими апрель ойининг охиригача, шунингдек, Нур-Султон, Олма-ота ва Чимкентда карантин муддати май ойига қадар узайтирилганини эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 10 апрель куни Президентнинг матбуот котиби Берик Қурмангали маълум қилди.
Матбуот котибининг сўзларига кўра, 9 апрель куни фавқулодда вазиятлар бўйича давлат комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Тўқаев раислигида вилоят ва Республика аҳамиятидаги шаҳарларнинг ҳокимлари, шунингдек, давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари видеоконференцияда иштирок этди.
“Фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги менинг фармоним 15 апрелда тугаши керак. Лекин, ҳозирги шароитда ушбу фавқулодда ҳолат режими камида апрель ойининг охиригача узайтирилиши кераклигини тушуниб турибмиз“, дейди Тўқаев.
Президент, шунингдек, апрель охиригача пойтахт, Олма-ота ва Чимкентда карантинни узайтириш зарурлиги ҳақида гапирди.
“Биз ҳали ҳам коронавирус билан касалланишнинг энг юқори чўққисига чиқмадик. Эпидемия билан боғлиқ чораларни юмшатиш мумкин эмас. Шу сабабли мен Нур-Султон, Олма-ота, Чимкент ва тегишли ҳудудларда карантин режимини апрель ойининг охирига қадар узайтиришни буюраман. Бу одатий бўлмаган қарор. Аммо карантинга амал қилиш ва ўзини изоляция қилишдан бошқа чора йўқ. Булар маҳаллий ва халқаро вирусологларнинг тавсияларидир“, дейди давлат раҳбари видеоконференцияда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда 802 та коронавирус ҳолати тасдиқланган. Касалланганларнинг 63 нафари соғайган, 9 нафари эса вафот этган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15