Қозоғистон 1 мартдан ягона вақт минтақасига ўтади
Олам
−
19 Январь
16876Қозоғистон ҳукумати 2024 йил 1 мартдан бутун мамлакатни ягона вақт зонасига ўтказади. Бу ҳақда Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Қозоғистон Республикаси ҳудудида вақтни ҳисоблаш тартиби тўғрисида”ги ҳукумат қарорига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, бутун республика бўйича 2024 йил 1 март соат 00:00 дан бошлаб, ягона вақт минтақасидан фойдаланиш белгиланди. Шундай қилиб, Қозоғистон Республикасининг бутун ҳудуди учун 5-соат минтақаси (UTC+5) қўлланилади”, дейилади хабарда.
Ўзгартиришларга кўра, Остона, Олмаота, Чимкент шаҳарлари, шунингдек, Оқмўла, Олмаота, Жамбил, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Шарқий Қозоғистон, Абай, Жетису ва Улитов вилоятларида 2024 йил 29 февралдан 1 мартга ўтганда маҳаллий вақт бир соат орқага қайтарилиши керак.
Ҳозирда Қозоғистонда иккита вақт зонаси қўлланилади: UTC+5 ва UTC+6. Мамлакатнинг катта қисми UTC+6 зонасида жойлашган. Олимларнинг фикрича, UTC+6 вақт минтақаси табиий қуёш вақтига тўғри келмайди, бу эса биологик ритмлар ва инсон саломатлигига салбий таъсир қилади. Қозоғистонлик олимлар ва экспертлар кўпчилик ҳудудлар табиий вақтга энг яқин вақтдан фойдаланиши учун ягона вақт минтақасини ташкил этишни таклиф қилди. Мутахассисларнинг фикрича, бу турли ҳудудлар аҳолиси ўртасидаги вақт тўсиқларини бартараф этиш, транспорт ва бошқа коммуникациялар фаолиятини мувофиқлаштиришни яхшилаш, бизнес юритиш ҳамда давлат органлари ва фавқулодда вазиятлар хизматларининг ўзаро ҳамкорлиги учун фойдали бўлади.
Маълумот учун, Марказий Осиёдаги Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон бир хил вақт минтақаси (UTC+5)да, Қирғизистон эса UTC+6 соат минтақасида жойлашган.
LiveБарчаси