Қирғизистонда Акаев даврида Раҳмонга берилган унвонни қайтиб олиш сўралмоқда

Олам 8340
image
-

Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутати Дастан Бекешев пойтахт мэрияси ва шаҳар кенгашидан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни “Бишкекнинг фахрий фуқароси” унвонидан маҳрум қилишни сўрамоқда.

Депутат 14-17 сентябрь кунлари Қирғистон ва Тожикистон давлат чегарасида юз берган қуролли тўқнашув сабаб шундай таклиф билан чиққан.

Маълумот учун, Имомали Раҳмон бу унвонни 1999 йилда Асқар Акаев даврида, Феликс Қулов пойтахт мэри бўлган пайтда олган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.

Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди. 

Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда. Тўқнашувларни якунлаш учун Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарлари протокол имзолади. Ҳужжат учта бандни ўз ичига олган.

Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 125
Рейтинг: 3.1
t
×