Қирғизистонда “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзолари қўлга олинди

Олам

image

Бугун, 2 март куни Қирғизистонда махсус хизмат ходимлари томонидан “Ҳизб ут-Таҳрир” террорчилик ташкилотининг уч нафар аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақида мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Мамлакатда диний экстремистик ташкилотлар фаолиятини тўхтатиш чора-тадбирлари давомида "Ҳизб ут-Таҳрир" радикал-экстремистик ташкилотининг аъзолари ҳибсга олинди. Улар Қирғизистон фуқаролари – 1993 йилда туғилган К.Э.М, 1995 йилда туғилган, қўшни давлат фуқароси О.У.Ш ва 1986 йилда таваллуд топган Ю.Р.Олар бўлган”, дейилади матбуот хизмати маълумотида.   

Давлат қўмитаси хабарига кўра, қўлга олинганларнинг яшаш жойини текшириш натижасида диний адабиётлар, шунингдек, аудио ва видео қурилмалар топилган. Айни пайтда диний экспертиза ўтказилмоқда.

Ҳозирда ушланганлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Уларга нисбатан ирқий, этник, миллий, диний ёки минтақалараро адоватни қўзғаш, шунингдек, экстремистик материалларни тайёрлаш ва тарқатиш айблови билан жиноий иш қўзғатилган.

Аввалроқ, Жорий йилнинг 26 февраль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида яширин фаолият олиб борган халқаро террористик ташкилот ва экстремистик оқим ёлловчиларининг ғоявий таъсирига тушган бир гуруҳ шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг