Қирғизистон биринчи Президенти халқдан кечирим сўради
Олам
−
08 Август 2021
12876Қирғизистон биринчи Президенти Асқар Акаев “Қумтор” кони бўйича шартнома тузишда йўл қўйган хатоларини тан олди ва қирғиз халқидан кечирим сўради. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.
Собиқ Президентнинг сўзларига кўра, у давлат раҳбари сифатида шартномалар тузиш пайтида йўл қўйилган хатолар учун жавобгардир. Шу билан бирга, Акаев бу жараёнда йўлдан адашганини таъкидлаган.
Акаев 2003 йилда “Кумтор”ни “Центерра”га бериш бўйича шартномани “катта хато”, деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 август куни 16 йил мобайнида Россияда яшаб келган Акаев ватани — Қирғизистонга қайтарилди. Дастлаб, собиқ Президенти “Қумтор” олтин кони бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан сўроқ қилинди. Сўнгра, у давлат раҳбари Садир Жапаров билан учрашди. Учрашувдан сўнг, Асқар Акаев матбуот анжуманида Қирғизистон Президентига “ҳамма нарсани айтиб бериш” имконияти учун миннатдорлик билдирган.
Маълумот ўрнида, Асқар Акаев Қирғизистонни 1991 йилдан 2005 йилгача бошқарган, у давлат тўнтариши натижасида лавозимидан четлатилган. У 2005 йилдан бери Россияда бўлиб, илмий фаолият билан шуғулланган. 2021 йилнинг июль ойида Акаев халқаро қидирувга берилган. Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Феликс Куловнинг айтишича, собиқ президентнинг ўзи ихтиёрий равишда Бишкекка келиб, “Қумтор”га қарши жиноий иш доирасида гувоҳлик берган.
LiveБарчаси