Қамоқхоналарга кириб, сайловни кузатиш мумкинми?
Жамият
−
22 Декабрь 2019
5133Жорий йилда Ўзбекистон тарихида илк бор ижтимоий хавфси катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга сайлаш ҳуқуқи берилди. Айни вақтда қамоқда сақлаш ва озодликда маҳрум этиш жойларида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоятлар, шаҳар ва туман кенгашларига сайлов бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги колонияларда ўтаётган сайлов жараёнлари ҳақида гапираркан, уларга кузатувчилар гуруҳи ҳам киритилганини қайд этди.
“Бугун қамоқда сақлаш ва озодликда маҳрум этиш жойларида сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган – 1344 нафар жазони ижро этиш колониялари ва манзил колонияларида, 2275 нафари тергов ҳибсхоналарида сақланаётганлар – жами 3619 нафар сайловчилар овоз бериш ҳуқуқига эга. Марказий сайлов комиссияси томонидан қамоқда сақлаш ва озодликда маҳрум этиш жойларидаги сайловчиларнинг овоз бериши учун жами 25 та сайлов участкаси ташкил этилди”.
Вазир сўзида давом этиб, кузатувчилар, номзодлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари фақат бир шарт билан колонияларга кириб, жараёнга гувоҳ бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
“Мазкур сайлов жараёнларида номзодлар, кузатувчилар, ОАВ вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга ва улар тўсиқсиз ичкарига киритилади. Кириш истагини билдирувчилар уч кун аввал ўзи ҳақидаги маълуомтларни сўров билан Марказий сайлов комиссиясига ва бу орқали колония раҳбариятига тақдим қилишлари керак. Айни вақтда хорижий кузатувчиларнинг 6 нафари қамоқда сақлаш ва озодликда маҳрум этиш жойларидаги сайлов участкаларида қатнашиш истагини билдирган ва тегишли тартибда мурожаат қилган. Улар кун давомида мана шу муассасаларда бўлиб, сайлов жараёнини кузатадилар”, дейди Пўлат Бобожонов.
Эслатиб ўтамиз, сайловнинг тинч ва осуда ўтиши учун республика бўйлаб 53 мингга яқин ҳуқуқ-тартибот органлари жалб қилинган.
LiveБарчаси