Италияликнинг ўлими бўйича Тошкент ИИББ баёнот берди
Жамият
−
22 Февраль 2020
19404Аввалроқ, Италия фуқароси Жоржо Гено Тошкентда ижарага олинган хонадонида ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабар берган эдик. Актёр ва модель сифатида фаолият юритган 28 яшар Жоржо Генонинг вафоти юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси баёнот берди. Унда шундай дейилади:
“Хабарларда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси манбасига таянган ҳолда, йигитнинг жасади топилгани ҳақида 16 февраль куни соат 23.00 да Миробод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига Гено Жоржо вақтинчалик прописка асосида истиқомат қилган хонадон эгаси хабар қилганлиги айтилган. Қайд этилганки, воқеа жойини кўздан кечириш давомида кириш эшиги бузилмаганлиги, хоналарда буюмлар ўз жойларида турганлиги, марҳум зўравонлик билан ўлдирилганлигининг излари топилмаган. ОАВнинг ёзишларича, ўлим сабаблари аниқланмоқда.
Маълум қиламизки, ҳозирги вақтда ушбу факт бўйича Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати маълумотларига кўра, Гено сайёҳ сифатида Тошкентга жорий йилнинг 9 февраль куни етиб келган ва 10 февраль куни онлайн-хизматлар орқали Италия элчихонаси вакили орқали Миробод туманида 30 кунга ижарага олган хонадонида рўйхатдан ўтган.
Гено Жоржо 10 февраль кунидан алоқага чиқмагач, унинг қариндошлари Элчихонага мурожаат қилганлар. Элчихона вакиллари 16 февраль куни Гено Жоржо истиқомат қилган хонадонга келганларида эшик қўнғироғига ҳеч ким жавоб бермаганидан сўнг, улар хонадон эгаси Б.Ф.ни чақирганлар. Биргаликда хонадонга киришганида жасад топилган.
Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг маълумотномасига кўра, Гено Жоржо унинг жасади топилганидан бир неча кун илгари ҳаётдан кўз юмган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд тибий экспертиза тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, Гено Жоржо Тошкент шаҳрига жорий йилнинг 9 февраль куни Малайзиядан учиб келган.
Сўров давомида хонадон эгасининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 10 февраль куни йигит унга мазаси бўлмаётганлигини айтган, аммо шундан сўнг улар алоқага чиқишмаган.
Қўшниларнинг айтишларича, улар Б.Ф.нинг хонадонида кимдир яшашини билишмаган, чунки на шовқинни ва на кимдир кириб-чиққанини кўрмаганлар.
Италия фуқаросининг ўлими факти бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда”.
LiveБарчаси