Исроил-Фаластин можароси: АҚШ Давлат котиби Яқин Шарққа боради
Олам
−
21 Май 2021
3039АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроил-Фаластин масаласини муҳокама қилиш ва томонлар билан музокара ўтказиш учун Яқин Шарқ минтақасига боради. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.
АҚШ Давлат департаменти вакили Эдвард Прайснинг ёзма баёнот беришича, расмий Вашингтон минтақада тинчликни сақлаш учун барча манфаатдор томонлар билан яқин ва муваффақиятли алоқада бўлади.
Шунингдек, баёнотда Блинкен кеча, 20 май куни Исроил Ташқи ишлар вазири Габи Ашкенази билан икки марта телефон орқали мулоқотда бўлганлиги ҳам таъкидланган.
Мулоқот чоғида, Блинкен 20 май куни Исроил ва ҲАМАС “ўзаро ўт очишни тўхтатишга” келишиб олганликлари учун Ашкеназига ўз миннатдорчилигини билдирган.
Бундан ташқари, ҳар иккала вазир ҳам Миср давлатига воситачилик ҳаракатлари учун ўз миннатдорчиликларини билдириб ўтишган.
Ҳозирча АҚШ Давлат департаменти Блинкеннинг минтақага ташрифи вақтини эълон қилмади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги тинчлик келишуви кучга кирди. Томонлар ҳеч бир шартларсиз ўт очишни тўхтатишга рози бўлди.
Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашиши
Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарди. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.
Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.
Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши "Темир гумбаз" мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.
Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 232 араб ҳалок бўлди, 1900 га яқин жароҳат олди.
Исроил билан давом этаётган тўқнашувлар фонида Фаластин Президентининг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Маҳмуд ал-Ҳаббаш минтақада узоқ давом этадиган диний уруш бошланиши хавфи мавжудлигини маълум қилди.
Бу хабар ортидан АҚШ Исроилни Ғазо секторига қуруқликдан ҳужум қилмасликка кўндиргани ҳақида янгиликлар тарқалди.
Халқаро муносабат
Таъкидлаш жоизки, халқаро муносабатларнинг баъзи иштирокчилари ушбу масалада фақат тил учида муносабат билдирган бўлса, бошқалари Исроилни ҳатто террорда айблади.
Айниқса, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу масалада фаол: бир қатор исломий давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилди, Арманистонга қарши урушда Туркия Озарбайжонни қандай қўллаган бўлса, Исроилга қарши курашда Фаластинни ҳам шундай қўллашини маълум қилди.
Эрдўған Фаластин давлатининг инқрозига бугун тўхталаётгани йўқ. У аввалдан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу мавзуга қаратиб келган. Жумладан, 2019 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Эрдўған нутқ сўзлаб, Исроилнинг Фаластинни бутунлай эгаллаб олаётгани, БМТ эса бунга томошабин бўлиб турганини қоралади. Ўшанда Эрдўған минбарга Исроил ва Фаластин тупроқлари акс этган харита билан чиққан. Ундаги тўрт суратда 1948 йил – Исроил давлати ташкил топгандан буён Фаластин ерларини қанчалик эгаллаб бораётгани тасвирланган эди.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини «қонунбузарлик» деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.
Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.
Кейинчалик, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Ғазодаги сўнгги ҳужумларига муносабат билдириб, Миср ва Иорданиянинг ҳаракатсизлигини танқид қилди. У Исроил ҳукуматини «қонхўр сионист» деб атади. Шунингдек, Эрон ҲАМАС ташкилотини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
Исроилнинг «тутинган акаси» АҚШ эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди. Хитой эса бу вазиятда Фаластиннинг ёнидан жой олишини эълон қилди.
Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга, Ўзбекистон эса ушбу масжид дахлсизлигини таъминлашга чақирди.
Сардор Нурматов
LiveБарчаси