Ирригация миллий тадқиқот университети бўлди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодиёт тармоқлари учун муҳандис кадрларни тайёрлаш тизимини инновация ва рақамлаштириш асосида тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Кейинги йилларда чекланган сув захираларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерлари биофондини тиклаш, шўрланган ва эрозияга учраган майдонларни қайта фойдаланишга киритиш, экотизимлар биологик хилма-хиллигини сақлаб қолиш, “яшил энергетика” ва агротехнологиялар каби муҳим йўналишларда таълим, илмий тадқиқот ва ишланмалар трансферини самарали йўлга қўйиш талаб этилмоқда.

Бундай долзарб глобал муаммоларни ечиш учун инвестициялар ва илмий тадқиқотларни кенгайтириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали илмий салоҳиятни янги босқичга кўтариш ҳамда ишланмаларни амалиётда қўллашга қодир бўлган муҳандисларни тайёрлаш масалалари устувор аҳамият касб этади.

Республикада инновацион таълим ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш, таълим ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаш, олий таълим муассасалари фаолият йўналишларини тубдан такомиллаштириш, уларнинг халқаро нуфузини ошириш, самарали бошқарув тизимини ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида:

1. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети (кейинги ўринларда – Университет) деб қайта номлансин.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

  • гидроэнергетика, ирригация тизимларини бошқариш, сув хўжалиги объектлари қурилиши, кадастр ва геоинформатика, “яшил иқтисодиёт”, “яшил энергетика”, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, рақамли технологиялар тармоқлари учун олий маълумотли муҳандис кадрларни тайёрлаш;
  • суғориш тизимлари самарадорлигини ошириш, тежамкор суғориш технологияларини яратиш, “рақамли қишлоқ хўжалиги” ва геоахборот тизимлари асосида ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолашни йўлга қўйиш ҳамда тупроқ унумдорлигини оширишнинг такомиллашган усулларини ишлаб чиқиш;
  • замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш ва уларнинг трансфери бўйича самарали тизимни шакллантириш;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш, сув ресурсларини ҳисобга олиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, гидротехника иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишни рақамлаштириш борасида илмий ечимларни ишлаб чиқиш;
  • илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;
  • етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни жорий этиш, Университет профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, битирувчиларнинг республика ва хорижий олий таълим муассасаларида (илмий марказларда) магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш;
  • ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;
  • ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиштаълим ва тадқиқотни уйғунлаштириш орқали иқтисодиёт тармоқлари учун энг илғор инновацион технологияларни ишлаб чиқиш;
  • тасарруфидаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.

Белгилансинки, Университет гидроэнергетика, ирригация, мелиорация, қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологиялар, сув тежовчи суғориш технологиялари, қайта тикланувчи энергия манбалари, геодезия ва геоинформатика, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишларида кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

3. Университет фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бошқарув кенгаши (кейинги ўринларда – Бошқарув кенгаши) ташкил этилсин ва унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бошқарув кенгашига (С.У.Умурзаков):

а) қуйидаги вазифалар юклатилсин:

  • Университетнинг молиявий йил учун мўлжалланган бизнес-режасини, узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожлантириш дастурини, даромад ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш ҳамда уларнинг ижросини муҳокама қилиш;
  • Фанлар академияси илмий муассасалари ва тармоқ илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий мактабларни ривожлантириш;
  • қишлоқ ва сув хўжалиги технологиялари йўналишида таълим, илмий тадқиқот ва ишланмалар трансфери жараёнларини ривожлантириш ҳамда илмий тадқиқот ва инновацион ишланмалар бўйича буюртмачилар билан манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш;
  • илмий маҳсулотларни тижоратлаштириш, стартап ва акселератор фаолиятларини йўлга қўйиш;
  • таълим ва тадқиқот жараёнларига инвестицияларни жалб этиш, етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан самарали алоқаларни ўрнатиш;

б) қуйидаги ваколатлар берилсин:

  • иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш, шунингдек, тўлов-контракт асосида ўқишга қабул параметрларини белгилаш;
  • ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилаш;
  • Университет ва унинг тасарруфидаги таълим ташкилотлари тузилмаларини тасдиқлаш;
  • Университетнинг ташкилий тузилмасига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган янги лавозим ва таркибий бўлинмалар ҳамда қўшимча штат бирликларини жорий этиш.

4. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг Университетда Трансформация офисини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Трансформация офиси қуйидагилар учун масъул этиб белгилансин:

  • Университетни трансформация қилиш ва комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш ҳамда 2025 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга киритиш;
  • Университетни танитиш бўйича миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғи ва бошқа воситалар орқали тарғибот тадбирларини ўтказиш ва реклама қилиш;
  • Университетдаги турли ҳисобот ва маълумотлар сонини кескин камайтириш, уларни тайёрлашда қоғоз шаклидан воз кечиш, бошқарув тизими ва ўқув жараёнлари, кутубхона ва ҳужжатлар айланмасини рақамлаштирувчи “Рақамли Университет” платформасига тўлиқ ўтишини таъминлаш.

Белгилансинки, Трансформация офиси раҳбари лавозими, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорлари бўйича Университет проректорига тенглаштирилади.

5. Университетга 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги ваколатлар берилсин:

а) академик мустақиллик соҳасида:

  • ўқув режалари, ўқув дастурлари, малака талабларини касбий стандартлар асосида тасдиқлаш, таълим тилини ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълим олиш шаклини белгилаш;
  • илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар тузиш ва уларнинг таркибини тасдиқлаш;
  • тегишли ихтисосликларда илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ҳамда республикадаги бошқа олий таълим муассасалари томонидан берилган илмий унвон ва илмий даражаларни тан олиш, шунингдек, докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш;
  • таълим йўналишлари ва мутахассисликлар учун таълим давомийлиги муддатларини белгилаш;
  • докторантурада тўлов-контракт асосида ўқиш қийматини белгилаш, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан грант ажратиш орқали докторантурага танлов асосида квотага қўшимча равишда талабгорларни қабул қилиш;
  • магистратура босқичида таълимнинг сиртқи, масофавий ва кечки шаклларини жорий этиш, шунингдек, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича қўш малакалар ҳамда касбий малакалар бериш тизимини жорий қилиш;
  • ўзаро келишувлар асосида олий таълим муассасалари билан ички академик мобилликни амалга ошириш;
  • Университет ва унинг тасарруфидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш;
  • таълим сифатини ички назорат қилиш механизмларини белгилаш ва жорий этиш;

б) ташкилий-бошқарувдаги мустақиллик соҳасида:

  • фаолиятининг асосий йўналиши таълим, илм-фан, унинг натижаларини жорий этиш ҳамда тижоратлаштириш билан боғлиқ бўлган таркибий тузилмалар, тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш;
  • педагог ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан озод этиш ва ички ротациясига оид тартибни белгилаш;
  • хорижий давлат фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш ва масофавий таълим олиш шаклида ўқитишни ташкил этиш.

Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган ваколатлар Университет томонидан мустақил равишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.

6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг Университетни 2022 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда, Университетга ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари учун берилган барча ваколат ва ҳуқуқлар татбиқ этилади.

7. Қуйидагилар:

  • 2025 йилга қадар “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетини трансформация қилиш ва комплекс ривожлантириш дастури 2-иловага мувофиқ;
  • “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг халқаро нуфузини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар 3-иловага мувофиқ;
  • “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети мутахассислик кафедраларини илмий-тадқиқот муассасалари, тармоқ корхоналари, ташкилотлари ва муассасаларга бириктириш жадвали 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

  • Университет ҳузурида юридик шахс мақомига эга Фундаментал ва амалий тадқиқотлар институтини ташкил этиш;
  • Университетнинг Бухоро филиали негизида Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтини ташкил этиш;
  • Университетнинг Қарши филиали негизида Қарши ирригация ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш.

9. Белгилансинки:

  • Фундаментал ва амалий тадқиқотлар институтининг жорий фаолияти, бино ва иншоотлардан фойдаланиш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш (илмий ходимлардан ташқари) бўйича харажатларини молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
  • Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти ҳамда Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти Университет ҳузурида фаолият юритади;
  • Университетнинг Бухоро ва Қарши филиаллари талабалари таҳсил олаётган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишни мос равишда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти ҳамда Қарши ирригация ва агротехнологиялар институтида давом эттиради;
  • Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти ҳамда Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти тааллуқлилиги бўйича Университетнинг Бухоро ва Қарши филиалларининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади ҳамда филиалларнинг мол-мулки ва бошқа асосий воситалари тегишли равишда янги ташкил этилаётган институтларга ўтказилади.

10. Фундаментал ва амалий тадқиқотлар институти тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

  • минтақада мавжуд сув ресурсларини инобатга олган ҳолда ҳудудлар кесимида сувдан фойдаланиш бўйича ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган тадқиқотлар ўтказиш;
  • геоахборот технологиялари асосида ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, тупроқ унумдорлигини оширишнинг янги усулларини яратиш;
  • сунъий интеллект ва “ақлли технологиялар” бўйича илмий-тадқиқотлар олиб бориш, маҳаллий тупроқ, экин ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турларига мослаштирилган агротехнологиялар яратиш;
  • ўсимликлар ва уларнинг яшаш муҳитини, ўсимликлар таркибидаги озуқа моддаларининг оптимал даражасини, тупроқнинг макро ва микро элементларини физик-кимёвий таҳлил усуллари асосида тадқиқ этиш;
  • “яшил иқтисодиёт”, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда ресурстежамкор технологиялар бўйича тадқиқотларни ривожлантириш ва ишланмаларни яратиш;
  • электроника, мехатроника ва робототехника йўналишидаги амалий тадқиқотларни ривожлантириш, космик аппаратлар маълумотларини қайта ишлаш ва таҳлил қилиш;
  • физика йўналишлари бўйича фундаментал муаммоларни ўрганиш, экспериментал маълумотларни қайта ишлашнинг янги моделлари ва усулларини ишлаб чиқиш.

11. Фундаментал ва амалий тадқиқотлар институти Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани, Қори Ниёзий кўчаси, 39-уй, “А” бинога жойлаштирилсин.

Белгилансинки, Фундаментал ва амалий тадқиқотлар институти биносини жорий таъмирлаш, унга туташ ҳудудни ободонлаштириш, хизмат хоналарини мебель, компьютер, ташкилий техника ва инвентарь билан жиҳозлаш Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Сув хўжалиги вазирлигини маъмурий бино билан таъминлаш чораларини кўрсин.

12. Университет фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин ва унинг молиявий манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

  • ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини тузиладиган шартномалар асосида илмий-техник жиҳатдан таъминлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг 5 фоизигача бўлган қисми;
  • иқтисодиёт тармоқларида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича ўзаро келишув асосида таълим, кадрлар тайёрлаш, тадқиқот ва технологиялар трансферини ривожлантириш компонентлари маблағлари;
  • хорижий инвесторлар билан инвестиция келишувларида назарда тутилган илмий тадқиқотлар, кадрлар тайёрлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;
  • кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, қишлоқ, сув хўжалиги ва бошқа йўналишларда жалб этиладиган донор ташкилотларнинг грант маблағлари;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бошқарув кенгашига Жамғарма маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартибини белгилаш ваколати берилсин.

13. Бошқарув кенгаши (С.У.Умурзаков):

а) икки ой муддатда:

  • Бошқарув кенгаши фаолияти тўғрисидаги низомни тасдиқласин;
  • Трансформация офиси раҳбари лавозимига етакчи хорижий олий таълим муассасаларида раҳбарлик иш тажрибасига эга бўлган мутахассисни жалб этсин;
  • Университет кафедраларининг илмий фаолиятини соҳа ва тармоқлар муаммоларининг ечимига йўналтириш мақсадида замонавий таълим йўналишларини инобатга олган ҳолда, уларни қайтадан ташкил этсин;
  • Университетнинг ихтисослашган факультет ва кафедраларининг мос йўналишлари бўйича йирик хўжалик юритувчи субъектлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйсин;
  • Университет раҳбарияти, кафедралари ва таркибий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ҳамда юқори натижадорликка эришганларни рағбатлантириб бориш тизимини жорий қилсин;

б) Университетни халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатига киритиш бўйича мақсадли параметрларга эришилиши устидан доимий назорат ўрнатсин;

в) ўқув жараёнига хорижий профессор-ўқитувчиларни танлов асосида жалб қилиш ҳамда Университет профессор-ўқитувчиларининг малакасини хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ошириш чораларини кўрсин;

г) 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб сув хўжалиги объектлари қурилиши, гидроэнергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги технологиялари ва геоинформатика каби йўналишлар бўйича хорижий давлатларнинг нуфузли олийгоҳлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини ҳамда кенг кўламли фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш чорасини кўрсин;

д) 2023/2024 ўқув йилига қадар Университет ҳузурида янги синов лабораторияси ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги технопаркини ташкил этсин ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминласин.

14. Қуйидагилар:

2022-2023 йилларда Фундаментал ва амалий тадқиқотлар институти илмий лабораториялари моддий-техника базасини яратиш дастури 6-иловага мувофиқ;

2022-2024 йилларда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида амалга ошириладиган қурилиш ҳамда ўқув-лабораториялар моддий-техника базасини модернизация қилиш дастури 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

15. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У.Умурзаков белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2021 йил 10 декабрь


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг