Илк ўзбек космонавти Солижон Шарипов компанияси мансабдорларининг жиноят иши назоратга олинди

Жамият 11544
image

Биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов таъсисчилигидаги “Megatek-Avto” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 3 декабрь куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан “Megatek-Avto” МЧЖ улушдорлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, кейинги тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, жорий йилнинг 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1,2-бандларига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур қарор Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, 2021 йил 29 апрель куни бекор қилинган.

Дастлабки тергов жараёнида мол-мулкка қўйилган тақиқ ечилгани ҳолати юзасидан Тергов департаменти томонидан хизмат текширув ўтказилмоқда.

Хабарга кўра, ҳақиқатни аниқлаш ва ҳолатга қонуний баҳо бериш мақсадида, жиноят иши ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувига олиниб, “Megatek-Avto” МЧЖ ҳамда жиноят ишига алоқадор “Grand Ravon Oil” МЧЖ ва “Vodiy Grand Optima” МЧЖларнинг барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган.

Мазкур жиноят иши Тергов департаменти томонидан алоҳида назоратига олинган ва тергов натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 424
Рейтинг: 3
t
×