IELTS ва бошқа халқаро имтиҳонларда юқори балл олганларга харажатлари қоплаб берилади
Жамият
−
25 Февраль 2021
20477Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳага кўра, 1 майдан бошлаб IELTS, TOEFL, GMAT, GRE ва SAT имтиҳонларидан юқори балл тўплаган ёшларга имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. 2022 йил 1 январдан бошлаб яна ўн иккита халқаро имтиҳон тизимлари бўйича ҳам харажатларни қоплаш амалга оширилади.
Бунда, ҳар бир имтиҳон топшириш харажатларини компенсация қилиш учун минимал кўрсаткич белгиланади. Мисол учун: IELTS — 7 балл, TOEFL — 95, GMAT — имтиҳон натижаларининг ҳар бири бўйича 75 фоиз, GRE — имтиҳон натижаларининг ҳар бири бўйича ва SAT — 1200 балл.
Имтиҳонлар харажатлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўлиқ қоплаб берилади.
Имтиҳон топширган шахс харажатларни қоплаш бўйича аризани Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда топшириши мумкин. Ариза берувчи қуйидаги ҳужжатларни электрон тарзда илова қилади:
• имтиҳон топшириш харажати тўланганини тасдиқловчи тўлов квитанцияси (pdf форматда);
• махсус сертификат (pdf форматда).
Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади. Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг хаққонийлигига ариза берувчи масъул ҳисобланади.
Қуйидаги шартлар тўлиқ бажарилганда ариза берувчига Регламентда назарда тутилган компенсация тўлаб берилади:
• Имтиҳонда тўпланиши лозим бўлган юқори баллнинг (даража) минимал кўрсаткичи ёки ундан юқори натижа қайд этганда.
• Махсус сертификат берилган санадан бошлаб 180 календарь кун ўтмасдан компенсация тўлашни сўраб мурожаат қилганда.
• Махсус сертификатда кўрсатилган имтиҳон натижасининг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги Инспекция томонидан тасдиқланганда.
Ариза берувчининг мурожаати келиб тушган пайтдан бошлаб 15 календарь кун давомида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси махсус сертификатни верификациядан ўтказиши керак.
Махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини верификация орқали аниқлашнинг иложи бўлмаганда инспекция имтиҳон ташкил этишга масъул ташкилотга сўров юборади. Бунда махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлатиш муддати 30 календарь кунга узайтирилади. Агар верификация жараёни кечикаётган бўлса, инспекция бу ҳақда СМС юбориш орқали ариза берувчини хабардор қилади.
Ёшлар ишлари агентлиги сертификати верификация қилинган ариза берувчиларнинг компенсация маблағларини “Халқ банкининг” ҳисобварағига ўтказади ва хизмат натижаси бўйича ариза берувчига СМС хабар юборади.
Ариза берувчи компенсацияни олиш учун ўзига қулай ҳудуддаги Халқ банки филиалига мурожаат қилиши мумкин.
Имтиҳон топшириш харажати компенсациясини олган ариза берувчи айнан ушбу имтиҳон бўйича такроран имтиҳон топширганда, унинг харажати қопланмайди. Имтиҳонларнинг бошқа тури бўйича ҳам минимал кўрсаткич ва ундан юқори натижа қайд этган шахсга компенсация тўлаб берилади.
Ўн олти ёшга тўлмаган фуқароларнинг имтиҳон топшириш харажатини компенсация қилишни сўраб ушбу фуқароларнинг қонуний вакиллари мурожаат қилишлари мумкин.
Қуйидаги ҳолатларда Инспекция томонидан махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш рад этилади:
верификация ёки ваколатли хорижий ташкилотга юборилган сўров натижасига кўра махсус сертификатнинг ҳақиқий эмаслиги аниқланганда;
ваколатли хорижий ташкилотга юборилган сўровга ушбу Регламентнинг 8-бандида белгиланган муддатларда жавоб олинмаганда.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокамаси 11 мартга қадар давом этади.
Имтиҳон харажати компенсация қилинадиган халқаро имтиҳон тизимлари рўйхати
LiveБарчаси