Ўзсаноатқурилишбанк замонавий қувур ва фитинглар ишлаб чиқариш лойиҳасини молиялаштирди

Бизнес

image

Жорий йилнинг 13 октябрь куни Ўзсаноатқурилишбанк томонидан Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган “Аsia polyplast” масъулияти чекланган жамиятига пресс-тур ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари халқаро стандартларда 600 турга яқин пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқараётган корхона фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Президентимиз томонидан 2019 йил 20 февралда “Қурилиш материаллари саноатини тубдан такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилингандан буён юртимизда тармоқни бошқариш тизимининг самарадорлиги ошди. Илғор технологияларга асосланган ва маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган кўплаб лойиҳалар шакллантирилиб, уларни ишга тушириш босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Натижада кейинги йилларда тармоқда сифатли, арзон, энергия тежамкор бўлган инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар сони сезиларли даражада ортди. Хусусан, Зангиота туманида фаолият юритувчи “Аsia polyplast” жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган полипропилен ва полиэтилендан қувурлар, фитинглар ҳамда турли рўзғор буюмлари сифати, дизайни ва кўрки билан қисқа даврда ўз харидорларини топди.

Пресс-тур давомида журналистлар корхонанинг ишлаб чиқариш қувватидан тортиб, уни буюртмачилар ва истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган барча жараёнлар билан яқиндан таништирилди. 

– Полипропилен ва полиэтилен маҳсулотларига қўйиладиган биринчи талаб – улар ўта мустаҳкам, узоқ йилга бардошли ва эластик хусусиятларга эга бўлиши лозим, – дейди “Аsia polyplast” МЧЖ раҳбари Умид Абулов. – Биз бошиданоқ ишлаб чиқаришни ана шу стандартларда йўлга қўйдик. Бунда дунё пешқадамларидан бўлган туркиялик мутахассислардан тажриба орттирдик, хомашё борасида ҳам маҳаллий, ҳам Корея маҳсулотларини танладик. Тинимсиз изланишлар, ҳар жабҳада қилинган тўғри танлов ва, албатта, ҳамкорлик масаласида банк ишончи мақсадимизга етишда муҳим омил бўлди.

“Аsia polyplast” корхонасига Ўзсаноатқурилишбанк томонидан 11,6 млн доллар ҳажмида кредит ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобига Италия, Германия, Хитой ва Туркия давлатларидан полипропилен, полиэтилен ва поливинилхлорид қувурлар ҳамда турли фитинглар ишлаб чиқарувчи илғор технологиялар келтириб ўрнатилди.

Корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни замонавий технологик ускуналар асосида тўлиқ автоматлаштирилган. Аммо, шунга қарамай янги лойиҳа билан яна 40 га яқин қўшимча иш ўрни барпо этилди.

Бугунги кунда “Аsia polyplast” жамияти томонидан йилига 112,5 млрд. сўмлик 5 миллион метр квадрат полимер материалларидан маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шундан 670 500 доллар қисми қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.

– Бизнинг соҳада синов-лаборатория ишлари жуда муҳим, – дейди Умид Абулов. – Маҳсулотларимизнинг халқаро андозаларга жавоб беришини корхонамиз негизида ташкил этилган замонавий ва сертификатланган лаборатория маркази фаолияти кафолатлаб беряпти. Доимий мониторинг ишлари орқали эса, ассортиментни янгилаб бориш ва сифатни бир маромда ушлашга эришяпмиз.

“Аsia polyplast” полипропилен ва полиэтилен қувурлари ҳамда фитинг маҳсулотларининг яроқлилик муддати 50 йилгача. Улардан фойдаланиш соддалаштирилган бўлиб, оғир ускуналарга эҳтиёж сезилмайди. Бу истеъмолчилар харажатларини сезиларли даражада тежайди.

Пресс-тур давомида иштирокчилар корхонанинг рўзғор буюмларини ишлаб чиқариш цехидаги иш жараёнини ҳам кўздан кечирди. Турли ёрқин рангдаги идишлар сифати ва дизайни бўйича тушунчаларга эга бўлди.

Банк Ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг