Грециядан Японияга Олимпия машъаласи олиб келинди
Спорт
−
20 Март 2020
4280Олимпия машъаласи Грециядан Япониянинг шимоли-шарқий Мияги префектурасига ишончли тарзда етказилди. Уни кутиб олиш маросими маҳаллий жамоат телевидениеси томонидан жонли эфирда намойиш этилди.
Самолёт режалаштирилганидан бир соат олдин қўнишга мажбур бўлди. Бунга кучли шамол тўсқинлик қилди. Шу сабабли маросимлар кеч бошланди. Маросимда “Токио 2020” ташкилий қўмитаси раиси Ёсиро Мори, Япония дзюдо федерацияси раҳбари Ясухиро Ямасита, дзюдо бўйича уч карра Олимпия чемпиони Тадахиро Номура ва эркин кураш бўйича уч карра Олимпия чемпиони Саори Ёсида иштирок этди.
Дастлаб, машъалани машҳур спортчиларнинг шахсан ўзи Японияга олиб келади, деб тахмин қилинган эди. Бироқ коронавирус пандемияси маросимга жиддий ўзгаришлар киритди. Японияда маҳаллий мактаб ўқувчилари машъални кутиб олиши керак эди, аммо тиббий сабабларга кўра, бу фикрдан воз кечишга тўғри келди.
“Биз Олимпия ўйинларини хавфсиз ва ишончли муҳитда ўтказиш учун барча имкониятларни ишга соламиз", деди Мори. Бундан ташқари, у маросим коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли қисқартирилган дастурда ўтаётгани учун узр сўради. Ёсида ва Номура нутқ сўзлаганидан сўнг, сакура гулига ўхшаш идишда олов ёқилди.
Эстафета 26 март куни Фукусима префектурасидаги футбол машғулот марказида бошланади. Aммо маҳаллий ҳокимият инфекциянинг тарқалиш хавфи давом этаётгани сабабли, одамларни эстафета йўналиши бўйлаб оммавий томошадан қайтармоқда. Шу билан бирга, мамлакат ҳукумати пойтахт сингари, коронавирус мусобақа ўтказишга халақит бермайди, деган позицияни қўллаб-қувватламоқда. Япония томони Ўйинларнинг бекор қилинишига, қайта тайинланишига ва ҳатто томошабинларсиз ўтказилишига қатъиян қарши.
Айни пайтда Яплнияда коронавирусга 1600 дан зиёд киши чалинган. 40 киши касалликдан вафот этган. Сўнгги маълумотларга кўра, инфекция тарқалиш динамикаси сўнгги кунларда мамлакатда кескин пасайган.